Айни кунларда Саудия Арабистоннинг Жидда шаҳрида Ислом бирдамлиги спорт федерациясининг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Ушбу анжуман доирасида ташкилотга янги президент сайлаш кун тартибининг асосий масаласи эди. Сайлов натижаларига кўра, 2019−2021 йиллар учун ташкилотга президент сифатида шаҳзода Абдулазиз Бин Туркий Ал Файсал Сауд сайланди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Ассамблеяда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси номидан ташкилот бош котиби Жасур Матчанов иштирок этди.

Ўзбек халқининг миллий спорт тури ҳисобланадиган кураш эндиликда Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари дастурига киритиладиган бўлди.

«Биз ташкилот президенти ва бош котиби билан курашни Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари дастурига киритиш масаласини муҳокама қилдик. Ғоя маъқулланди. Биз Халқаро кураш ассоциацияси президенти, Осиё ўйинлари департаменти директори Ҳайдар Фармон билан ҳам бу масала бўйича алоқага чиқдик ва у киши ҳам фикримизни қўллаб-қувватлади. Курашни 2021 йилги Ислом бирдамлиги спорт ўйинлари дастурига киритиш учун кеч бўлса-да, 2025 йилги мусобақага қўшишнинг имкони бор. Насиб қилса, курашчиларимиз Ислом бирдамлиги спорт ўйинларида ҳам ўз маҳоратларини намойиш қилишади», — деди Жасур Матчанов.

Кураш кўплаб комплекс спорт мусобақалари дастурига кириб бормоқда. Дастлаб 2017 йили Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган Жанг санъати ва ёпиқ иншоотлардаги V Осиё ўйинлари, кейинчалик 2018 йил Индонезия мезбонлик қилган XVIII Осиё ўйинлари дастурига кирганди.