Тошкентда ўтказилаётган матбуот анжуманида ўзбек киноси атрофидаги фикр мулоҳазалар тингланди, муаммолар айтилди. «Ўзбеккино» миллий агентлиги директори Фурқат Зокиров фильмлар асосида телесериаллар олинаётганини маълум қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Унинг таъкидлашича, сериаллардаги бўшлиқни тўлдириш мақсадида бадиий фильмларнинг телесериал варианти тайёрланмоқда. Жумладан, «Берлин — Оққўрғон» фильми 4-қисмли телесериал қилинмоқда.

— Яна бир гап, ёзувчилар нега сценарий ёзмаяпти, деган фикрларга кўп дуч келяпмиз. Яхши ёзувчи, яхши киносценарийчи дегани эмас. Чунки бирор асар ёзиш билан кино сценарий ёзишнинг фарқи бор. Биз ёзувчиларни режиссёрлар билан ҳамкорликда ишлашга ундаяпмиз, — дейди «Ўзбеккино» раҳбари.

Фурқат Зокиров шунингдек киноиеатрлар ҳақида ҳам фикр билдирди. «Бизнинг тасарруфимизда 6 та кинотеатр фаолият юритади. Бу кўп эмас. Энг камида 500 дан ортиқ кинотеатр бўлиши керак. Кинотеатрлар камлиги учун фильмлар томошабинга етиб бормаяпти», — дейди у.