Ижрочи директорлари қарори билан Дэвид Р. Малпасс Жаҳон банки (ЖБ) гуруҳи директори этиб тайинланди. У беш йил муддатга сайланди ва сешанба кунидан янги лавозимга киришади. Бу ҳақда Жаҳон банки матбуот хизмати хабар қилди.

Ижрочи директорлар кенгаши Малпасс билан «Келажакка назар» стратегияси ҳамда капитал пакети тўғрисидаги битимни амалга оширишда ҳамкорлик қилади.

Тайинловга қадар Дэвид Малпасс АҚШ молия вазирининг халқаро ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган. Малпасс вазир ўринбосари сифатида G7 ва G20 давлатлари молия вазирлари ўринбосарилари учрашулари, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармасининг баҳорги ва ҳар йиллик йиғилишлари, шунингдек молиявий барқарорлик бўйича Кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Хусусий хорижий инвестициялар корпорацияси тадбирларида АҚШ номидан иштирок этган.

Жаҳон банки президенти Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Халқаро тараққиёт ассоциацияси Директорлар кенгашлари раиси ҳисобланади. Президент, шунингдек, Халқаро молия корпорацияси (IFC), Инвестицион кафолатлар бўйича кўп томонли агентлик (MIGA) Директорлар кенгаши ҳамда Инвестицион баҳсларни назорат қилиш бўйича халқаро марказ (ICSID) маъмурий кенгашига ҳам раислик қилади.