Президент Шавкат Мирзиёев 1995—1996 йилларда қабул қилинган амалдаги Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг янги таҳририни тайёрлашга фармойиш берди.

Ўзбекистон Республикаси ривожланишининг янги босқичи иқтисодиётни янада либераллаштириш, иқтисодий муносабатларни тартибга солишда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулк кафолатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, тадбиркорликнинг ривожланишини рағбатлантириш ва хорижий инвестицияларни фаол жалб этиш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди, дейилади 5 апрелда қабул қилинган ҳужжатда.

Қуйидагилар фуқаролик қонунчилигини янада такомиллаштиришнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди:

  • фуқаролик қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва унификация қилиш, уларнинг энг намунали хорижий амалиётлар билан уйғунлигини таъминлаш, шунингдек, ушбу соҳада илғор халқаро стандартларни имплентация қилиш;
  • хусусий мулкнинг дахлсизлиги кафолатларини таъминлайдиган, жисмоний ва юридик шахсларнинг, айниқса тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қиладиган самарали фуқаролик-ҳуқуқий механизмларни белгилаш;
  • оммавий ва фуқаролик ҳуқуқ нормаларини аниқ чегаралаш, иқтисодиётни бошқаришда маъмурий-буйруқбозлик тамойилларига асосланган, ўз аҳамиятини йўқотган ва эскириб қолган қоидаларни чиқариб ташлаш;
  • давлат-хусусий шерикчилиги, кластерлик ишлаб чиқариши, электрон тижорат, крипто-валюта айланмаси, ер участкаларини хусусийлаштириш, улушли қурилиш ва бошқа замонавий фуқаролик-ҳуқуқий институтлар ва иқтисодий муносабатлар шаклларини ҳуқуқий тартибга солишни таъминлаш.

Ҳужжат билан Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Концепцияга мувофиқ, янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси турлича талқинларга йўл қўювчи нормаларни олиб ташлаш ёки яхшилаш, ҳаволаларни қисқартириш, жамиятнинг одоб-ахлоқ меъёрларини ҳисобга олган ҳолда фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг янги тартибларини жорий этиш, мажбурий ҳуқуқ, шартномалар институтларини такомиллаштириш ва бошқаларни кўзда тутади.

Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш учун адлия вазири Русланбек Давлетов бошчилигидаги идоралараро комиссия ташкил этилди. Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси 2020 йил 1 апрелга қадар ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим.