Тошкентнинг Яккасарой туманидаги чиқиндиларни юклаш ва утилизация қилиш давлат корхонасининг чиқиндиларни саралаш линиясига 60 нафар муайян яшаш жойи бўлмаган шахс ишга жойлаштирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ташкил этган пресс-тур вақтида пойтахтдаги учта қайта юклаш станцияси бошлиғи Рафаэл Бекмулин маълум қилди.

Лойиҳага Eco World компанияси сармоя киритди. «Саралаш линияси — компаниянинг Тошкент ИИББ, Тошкент ҳокимияти ва Давлат экология қўмитаси кўмагида ишга туширган хусусий лойиҳаси. Дастлаб масала нафақат фойда олишда, балки ижтимоий муаммоларни ҳал қилишда ҳам турган эди. Одамларга паспорт қилишмоқда, улар иш ва ойига 500−600 минг сўмлик маош билан таъминланмоқда», — деди Рафаэл Бекмулин.

Eco World компанияси раҳбари саралаш линияси бир суткада 100 тонна чиқиндини ўтказиш имкониятига эга эканини маълум қилди. Йил охирига қадар у бошқа қайта юклаш станциясига кўчирилади. Яккасарой корхонасида хитойлик ҳамкорлар кўмаги билан 600 тонналик қувватга эга янги учта линия ўрнатилади.

Муайян яшаш жойи бўлмаган шахслар турар жойида икки қаватли каравотлар ўрнатилган умумий хона, душ, ошхона ва тиббиёт пункти мавжуд. Бино газ билан иситилади. Яқин вақтларда кир ювиш машиналари сотиб олинади. Саралаш линияси қувватлари ошиши билан павильон устига қўшимча қават қурилади.

«Биз Тошкентдаги қолган иккита станцияда ҳам саралаш линияларини ўрнатиш, қўшимча 250−300 та янги иш ўринларини очишни режалаштирмоқдамиз. Лойиҳа органик ва қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш учун ускуналар сотиб олишни кўзда тутади. Хавфли чиқиндиларни утилизация қилиш корхонаси очилиши билан батарейкаларни саралашни бошлаймиз. Яқин икки йилда электротехника ускуналарини қайта ишлашни йўлга қўямиз», — деди Олимхон Тўрахонов.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил ёзида Тошкент ИИББ биринчи муайян яшаш жойи бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш марказини очган эди. Марказ ушбу тоифага мансуб шахслар манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва иш билан таъминлаш билан шуғулланади. Марказ ишга тушгандан буён 3500 дан ортиқ кишини қабул қилди.