Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Республика маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Конрад Аденауер жамғармасининг Марказий Осиё бўйича ваколатхонаси билан ҳамкорликда Фарғона вилоятига ташриф буюриб, ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ўрганди.

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати матбуот хизматининг хабар қилишича, ишчи гуруҳ дастлаб Қўқон шаҳридаги қизлар учун Енгил саноат касб-ҳунар коллежи ва Хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитация ва мослашув марказига ташриф буюрди.

Ташриф чоғида ишчи гуруҳ Қўқон шаҳридаги хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитация ва мослашув маркази фаолияти билан танишди. Ўтган давр мобайнида оғир ижтимоий шароитда, жумладан, оилавий муаммолар ва оиладаги зўравонликка учраган 46 нафар аёл аноним психологик, ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Бу ерда болалар билан икки кун давомида қолиш мумкин. Бундан ташқари, маҳаллий тадбиркор кўмагида тикув цехи очилиб, зарурат бўлганда, аёллар вақтинча иш билан таъминланиб, қўшимча даромад олишлари мумкин. Республика миқёсда бу каби 160 та шелтерлар фаолият кўрсатмоқда.

Иккинчи манзил қизлар учун Қўқон енгил саноат касб-ҳунар коллежи бўлди. Муассаса республиканинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган 200 нафардан зиёд қизлар таълим оладиган ёпиқ муассаса ҳисобланади. Улар бу ерда суд қарори билан юборилади. Улар орасида уйини ташлаб кетган, мунтазам мактаб дарсларини ўтказиб юборувчи, жиноятлар содир этган, шунингдек зўравонлик қурбонига айланган қизлар бор.

Бугунги кунда қизларнинг ижтимоий реабилитация ва мослашуви борасида жуда кўп ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, бу йил ўқувчиларнинг бир қисми китобсеварлар танловининг шаҳар босқичида иштирок этди. Мутолаага бўлган қизиқишни янада ошириш мақсадида омбудсман томонидан коллеж кутубхонасига китоблар совға қилинди. Учрашув якунида қизларнинг ижодий салоҳиятларини рўёбга чиқариш мақсадида ўз ижод намуналари — шеър ва ҳикоялар тўпламини нашр этишга ёрдам беришга қарор қилинди.

Ташрифнинг муҳим йўналишларидан бири ҳудуддаги бизнес вакиллари билан мулоқот ва мавжуд инвестицион салоҳиятни ўрганиш бўлди. Жумладан, ишчи гуруҳ Қувасой кичик индустриал зонасида ташкил этилган «Running business trans invest» ўзбек-турк қўшма корхонаси фаолияти билан танишди. Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона қарийб 800 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаган. Ишлаб чиқаришнинг бир қисми Россия, Украина ва Белоруссияга экспорт қилинади, қолган қисми ички бозорнинг эҳтиёжларини қондиради. Таъкидлаш жоизки, «Қувасой» КИCҲЗ саккизта инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган, бироқ бугунги кунга қадар фақатгина битта корхона ­ «Running business trans invest» фаолият юритмоқда.

Фарғона шаҳрида давлат идоралари, ишбилармон доиралар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида тадбир ўтказилди. Ушбу тадбир доирасида «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мақсад ва вазифалари тақдимоти ўтказилиб, ҳудудий бўлинма раҳбари кенг жамоатчиликка таништирилди. У вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси сифатида фаолият юритади. Тадбир давомида ҳаракатнинг вилоят бўлинмаси раҳбарига хизмат автомашинаси ва уйининг калитлари топширилди.

Учрашув давомида ҳудудий ННТлар «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати билан аҳоли муаммоларини аниқлаш, жамоатчилик назоратини амалга ошириш ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишда яқиндан ҳамкорлик қилиш истагини билдирди. ННТ фаоллари тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, фуқаролар учун айрим турдаги дори воситаларининг етишмаслиги каби долзарб масалаларни муҳокама қилди. Хусусан, ташкил этилган ижтимоий дорихоналарда ҳанузгача муаммолар мавжудлиги, нархлар бошқа дорихоналарга нисбатан арзон эмаслиги қайд этилди. Ушбу масала назорат остига олинди.