ОАВда шайхонтоҳур туман Давлат солиқ инспекцияси шахсий таркибининг ишдан бўшатилгани тўғрисида тарқалган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди, дея маълум қилди Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

"Айни вақтда фақат Шайхонтоҳур туман ДСИ раҳбари (Фахриддин Абдунабиев — таҳр.) эгаллаб турган лавозимидан озод қилинган, инспекциянинг бошқа ходимларини ишдан бўшатиш тўғрисида буйруқ бўлмаган", — дея қайд этди ДСҚ.

4 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Тошкент туманлари ДСИ раҳбарлари таркибини янгилаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган эди.

5 аперль куни ДСҚда бўлиб ўтган йиғилишда эса Миробод, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Серегли, Юнусобод, Бектемир ва Шайхонтоҳур туман солиқ инспекциялари раҳбарлари эгаллаб турган лавозимларидан озод қилинди.

Бундан ташқари, президент танқидидан сўнг ДСҚ тезкор тартибда солиқ органлари кадрлар таркибини қайта кўриб чиқишни бошлади. Махсус комиссия тизимга «янги қон» олиб кириш билан шуғулланади.

Жумладан, айни вақтда комиссия Шайхонтоҳур ДСИ ходимларини белгиланган талабларга мувофиқ ўрганмоқда. Олиб борилган ишлар натижалари тўғрисида тўлиқроқ маълумотлар эълон қилинади, дея маълум қилди ДСҚ.