2019 йилнинг 3 апрель куни Сирдарё вилоят прокуратураси ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда ички ишлар идораларида профилактик ҳисобда турган 116 нафар вояга етмаганларни Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкил этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Бундан кўзланган асосий мақсад — вояга етмаганлар қалбида ватанпарварлик туйғусини ва ота-онага меҳр-муҳаббатини шакллантириш бўлиб, Ўзбекистондаги тарихий шаҳарларга экскурсиялар уюштирилиши орқали уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга қаратилди.

Саёҳат давомида вояга етмаганлар тарихий обидалар, улуғ алломалар номлари билан боғлиқ муқаддас зиёратгоҳлар, жумладан «Регистон майдони» ва «Гўри амир», «Ҳазрати Довуд» мақбараларини зиёрат қилдилар. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси биринчи президенти Ислом Каримов ҳайкали пойига гул қўйдилар.

Кейинги манзил Имом Бухорий зиёратгоҳи бўлди. Болалар Имом Бухорий музейи ҳамда «Ҳадис илми мактаби» билан ҳам танишдилар.

Ўтказилган саёҳатдан сўнг, хулқи ижобий томонга ўзгарган 61 нафар вояга етмаганлар профилактик ҳисобдан чиқарилди ҳамда жамиятда ўз ўрнини топишлари учун зарурий кўмак берилди.

Бундай тадбирлар йил давомида кўплаб ўтказилиши, жумладан Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларига ҳам саёҳатлар режалаштирилган.