Адлия вазирлиги ўз тизимида коррупцияга қарши «уруш эълон қилди», яъни иллатнинг туб илдизига болта уриш учун амалий ҳаракатларни бошлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Хусусан, 2018 йилда нотариат тизимида юзага келаётган коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш учун тўловларни (давлат божи, герб йиғими ва пуллик хизмат) электрон мобил иловалар (UPAY, Click, PAYME) орқали тўлаш, автоматик тарзда хизматлар учун нархларни шаклантириш тизими жорий этилди.

Шунингдек, «сирли мижоз» рейдлари ўтказилиб, унда аниқланган коррупция ҳолатлари бўйича жиддий чоралар кўрилди ҳамда бу ҳақда кенг жамоатчиликка маълум қилинди.

Масалан, Давлат хизматлари Агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2019 йил 1 апрель ҳолатига жами 1 318 та «сирли мижоз» ҳамда 7 732 та профилактика тадбирлари ўтказилди. Натижада ДХМ ходимларининг 621 таси огоҳлантирилди, 116 тасига хайфсан, 63 тасига жарима интизомий жазо чоралари қўлланилди ҳамда 68 таси билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинди.

Нотариат ходимларининг ҳалол ва тўғри ишлашдан манфаатдорлигини ошириш мақсадида нотариусларга ўзлари томонидан ундирилган пуллик хизматнинг 80 фоизигача миқдорида рағбатлантириш бўйича устамалар бериб келинмоқда.

Бундан ташқари, аҳоли ва ходимлар ўртасида коррупцияга қарши тарғибот ишлари қизғин олиб борилмоқда. «Биз коррупцияга қаршимиз!» мегатанлови, «Коррупция — тараққиёт кушандаси» иншолар танлови шулар жумласидандир.

Давлат хизматлари агентлигида электорон ҳужжатлар айланмаси ҳажмининг ортиши, «Очиқ адлия» («Open Justice») дастурининг эълон қилиниши, «ишонч телефон"ларининг ишга туширилиши — буларнинг бари Адлия вазирлиги коррупцияга қарши курашни тубдан ва самарали ташкил қилишга киришгани ва бу мақсадида собитлигини билдиради.

Шу кунларда вазирлик коррупцияга қарши курашиш мақсадида махсус дастур қабул қилди. Дастурда адлия органларида коррупцияга қарши курашишга доир қатор амалий чора-тадбирлар белгилаб қўйилди.

Коррупцияга қарши курашиш кенгаши тузилади. Адлия вазирлиги қошида тузиладиган ушбу кенгаш коррупцияга қарши курашиш бўйича дастурнинг ижро этилишини назорат қилиб боради. Яъни вазирликнинг бу борадаги фаолияти вазирлик ходимларидан иборат турли йўналишларда фаолият олиб борувчи жамоатчилик асосида ишловчи гуруҳ томонидан мувофиқлаштириб борилади. Бу эса ўз навбатида объектив назоратни таъминлайди.

Мансабдорларнинг фаолияти баҳолаб борилади. Адлия органлари ва муассасаларининг мансабдор шахслари ва бошқа ходимлари томонидан ўз мансаб ёки хизмат мажбуриятларининг қай даражада бажарилаётгани баҳолаб борилади, бунинг учун махсус баҳолаш тизими жорий этилади. Шунингдек, ходимларнинг фаолиятини жисмоний ва юридик шахслар онлайн тартибда баҳолаб бориши, ўзларининг коррупцияга қарши масалалар бўйича шикоят ва таклифларини юборишлари учун шароит яратилади.

Аттестация жараёни — жамоатчилик назорати остида. Барча бўғиндаги адлия органлари ходимларининг аттестациядан ўтказилиши жамоатчилик вакиллари кузатуви остида амалга оширилади ҳамда видеотасмага тушурилади, шунингдек аттестация жараёни онлайн трансляцияси қилинади.

Коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берганлар мукофотланади. Адлия органлари ва муассасалари мансабдор шахслари томонидан содир этилган коррупцияга оид хатти-ҳаракатлар ҳақида хабар берган шахсларни мукофотлаш тартиби жорий этилади.

Видео ва аудио ёзувларга рухсат берилади. Аввал маълум қилинганидек, адлия органлари ва муассасалари маъмурий биноларида (нотариат идоралари, давлат хизматлари марказлари, Интеллектуал мулк агентлигида) иш жараёнини фуқароларга видео ва аудиога ёзиб олиш ҳуқуқи берилади.

Узун навбатлар тартибга олинади. Давлат нотариал идоралари ва Давлат хизматлари марказларида электрон навбат, шунингдек давлат нотариал идоралари ва давлат хизматлари марказларига мурожаат қилувчилар томонидан кўрсатилган хизмат сифатини баҳолаш тизимлари жорий этилади.

Тошкент давлат юридик университети талабаларининг аттестацияси онлайн намойиш этилади. Тошкент давлат юридик университетидаги якуний давлат аттестацияси жараёни онлайн тарзда тўғридан-тўғри интернетда трансляция қилинади.

Коррупцияга қарши курашда Халқаро ташкилотлар тажрибасидан фойдаланилади. Адлия органлари ва муассасалари фаолиятида коррупцияга қарши курашишда бир қатор коррупцияга қарши курашувчи халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Бунда ушбу ташкилотларнинг докладлари ва тавсиялари ўрганиб чиқилади ва уларга асосланиб таҳлилий материаллар тайёрланади. Ушбу таҳлиллар асосида коррупцияга қарши кураш стратегияси белгиланади.

Ички тартиб-интизом қатъий назоратга олинади. Хусусан, адлия мансабдорларининг қўл остидаги ходимларига шахсий топшириқларини бажартириш ҳолатларини аниқлаш юзасидан мунтазам мониторинг олиб борилади.

Бюджет маблағларидан мақсадсиз фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кучайтирилади. Хусусан, адлия органлари ходимларининг хизмат сафарлари ва бошқа харажатлари фақат қатъий ҳужжатланган ҳолда молиялаштирилади. Харажатларни ошириб ёзиб, бюджет маблағларини ўзлаштиришга йўл қўйилмайди. Товар-моддий бойликларини ва уларнинг сарфини ҳисобга олиш бўйича ягона электрон тизим ишлаб чиқилади.

Ушбу дастурни амалга ошириш орқали адлия органлари ва муассасалари ходимларининг касбий ҳамда хизматдан ташқари фаолиятдаги одоб-ахлоқини юксалтириш, шунингдек, адлия органлари ва муассасаларининг фаолиятида коррупциянинг олдини олишга доир тадбирларнинг самарадорлигини таъминлаш каби юксак натижалар кутилмоқда.