Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги товар айланмаси ҳажми 2018 йили 302 млн долларга ошиб, 2017 йилга нисбатан 70 фоизга кўпайди. Ушбу маълумотлар 4 апрель куни Москвада ташқи ишлар вазирларининг икки томонлама учрашувида тилга олинди, дея хабар қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Шу кунларда Москвада МДҲга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан икки томонлама муносабатларни жадал ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Халқаро ва минтақавий кун тартиби борасида фикр алмашиш чоғида Туркманистоннинг 2019 йилда МДҲга раислиги доирасида ҳамкорлик қилишга алоҳида эътибор қаратилди.