4 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган давлат бюджетига тушумлар ва экспорт прогнозлари ижроси мавзусидаги видеоселектор йиғилишида кадрлар алмашинуви ҳам юз берди.

Шуҳрат Санжарович Муҳамедхонов Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимидан озод этилди. Шунингдек унинг иқтисодиёт ва саноат масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Зокиржонович Содиқов ва Давлат солиқ инспекцияси раҳбари Фахриддин Умарович Абдунабиев ҳам ишдан бўшатилди, дея «Газета.uz"га хабар берди Тошкент шаҳар маъмурияти ходимлари. Сабаб — бюджетга солиқларнинг тушиши билан боғлиқ прогнозлар бажарилмаганидир.

Мажлис давомида бюджетга тушум бўлишида сусткашлик қилган ва прогнозларни бажармаган еттита туман (Учтепа, Миробод, Бектемир, Юнусобод, Мирзо-Улугбек, Шайхантоҳур, Сергели) давлат солиқ инспекцияси раҳбарлари ҳам лавозимидан озод этилди.

Март ойи охирида бош вазири Абдулла Арипов раислигида ўтказилган мажлисда Шайхонтоҳур тумани ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари, шунингдек туман ДСИ раҳбари ҳам ҳайфсан эълон қилинди.

Шуҳрат Муҳамедхонов 2018 йилнинг август ойидан Шайхонтоҳур тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётганди. Жума куни Шайхонтоҳур тумани ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Рустам Турсунович Мавлонов туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланиши кутилмоқда.

Рустам Мавлонов. Фото: shayhontohur.tashkent.uz.