7 апрель куни «Тошкент бўйлаб 21 км» хайрия акцияси мототуристик мавсумни очиб беради. У бир неча тадбирларни ўз ичига олган, дейилади Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Тадбир ташкилотчилари томонидан саёҳатда иштирок этувчи биринчи гуруҳ иштирокчиларининг рўйхати шакллантирилган. Россия ва Марказий Осиё мамлакатларининг малакали мотоциклчилари 7 апрель куни соат 11:00 да пойтахтдаги «Пахтакор» метро бекати ёнида тўпланишади ва соат 12:00 да шаҳар бўйлаб 21 км масофада кўргазмали намойишга чиқишади.

Соат 11:00 да «Анҳор-Локомотив» маданият ва истироҳат боғида ҳам мототуристик мавсум очилишида иштирок этишни хоҳлаган мото ишқибозларини рўйхатга олиш бошланади ва иккинчи гуруҳ шакллантирилади. Биринчи гуруҳ боққа етиб келгач, иккала гуруҳ иштирокида боғ бўйлаб мотосаёҳат уюштирилади.

Соат 12:30 дан 16:00 га қадар «Тошкент бўйлаб 21 км» хайрия акцияси доирасида турли маданий тадбирлар ўтказилади.

Жумладан, «Энг оригинал мотоцикл», «Энг чиройли мото», «Қўлда йиғилган (Қўл меҳнати бўлган) энг яхши мото» каби номинацияларда танлов ўтказилади ва ғолиблар танлов ташкилотчилари томонидан тақдирланади.

«Тошкент бўйлаб 21 км» хайрия акцияси юртимизда сайёҳликни ривожлантириш, бутун дунёда мамлакатимизнинг обрў-эътиборини юксалтириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган.

Унга мототуристлар, мото ишқибозлари қатори Тошкент шаҳри ва вилоятидаги Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, кам таъминланган оила фарзандлари ва имконияти чекланган болалар таклиф этилган. Улар ҳам маданий тадбирларда ўз ижодлари, қизиқишларини намойиш этишади.

Хайрия акция доирасида иштирокчи болаларга ҳам ҳомийларнинг совғалари топширилади.