2019 йилнинг 5 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Москва шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалалари ҳамда иштирокчи давлатларнинг ўзаро алоқаларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Йиғилишдаги нутқида Ўзбекистон делегацияси раҳбари таъкидладики, Ўзбекистон сўнгги 2 йилда МДҲ доирасидаги фаолиятини жадаллаштирди ва айни пайтда ҳамдўстликнинг қарийб 50 та тармоқ органлари ишида тўлиқ иштирок этмоқда. МДҲга ҳамраис-мамлакат сифатида 2019 йилда Ўзбекистон томони 7 та тармоқ органлари йиғилишларини ўз ҳудудида ўтказади.

Вазирлар томонидан 1941−1945-йиллардаги Улуғ Ватан уруши ҳарбийлари қабрлари ва ҳарбий йодгорликларини сақлаш ва муносиб асраб-авайлаш зарурлиги тўғрисидаги мурожаат, МДҲ иштирокчи давлатлари ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги шерикчиликни фаоллаштириш бўйича Ҳаракатлар дастури, турли соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштиришга йўналтирилган бошқа қарорлар қабул қилинди.

МДҲ ТИВКнинг кейинги мажлиси Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтади.