Бу йил Баухаус университети ўзининг 100 йиллик юбилейини нишонлайди. 1919 йили Веймар шаҳрида архитектор Вальтер Гропиус томонидан асос солинган ва бутун Европанинг машҳур авангардчиларини бирлаштирган Баухаус XX асрнинг архитектура, санъат ва дизайн соҳасидаги энг нуфузли ўқув муассасаларидан бирига айланди.

Мазмун нуқтаи назаридан, Баухаус XIX аср боши учун одатий ҳисобланган историзм — ўтмишнинг такрорланувчи услубий шакллари «меъморчилик намунаси» сифатида эътироф этиладиган йўналишга терс ўлароқ янги шаклларни излаган.

Бунинг ўрнига ўқитувчи ва талабалар университетда, эътиборни касб кўникмаларини дизайн ва архитектурада гавдалантиришга қаратиб, ишлаб чиқаришни саноатлаштириш жараёни даврида янги шакллар тилини яратиш масалаларини ҳал қилишар эди. Лионель Фейнингер, Йоханнес Иттен, Пол Клее, Василий Кандинский каби рассомлар ва ўша давр умумевропа оқимлари, шунингдек, совет конструктивизми таъсири остида Баухаусда ўқиш-ўқитишнинг янги услублари синаб кўрилди ва жорий этилди.

Германияда ҳокимият национал-социалистлар томонидан эгалланиб, университет ёпилгач, унинг кўплаб намояндалари Баухауснинг ёндашувлари ва қарашларини бутун дунё бўйлаб тарқата бошлади. Хусусан, Гропиуснинг ўзи АҚШда Гарвард университети профессорига айланди, Чикагода эса бугунги кунда IIT Institute of Design номи билан машҳур «Янги Баухус"га асос солинди.

Ханнес Майернинг айрим битирувчилари, Баухауснинг ўқитувчилари, Совет Иттифоқига кўчиб ўтди, бу ерда улар шаҳарларни режалаштириш жараёнига айниқса фаол жалб этилди. Совет ҳукумати 1920 йиллардаёқ индустриал шаҳарларнинг макон жиҳатидан ва меъморий қиёфасини лойиҳалаштириш ҳамда ижтимоий шаҳарларни тезкор лойиҳалаштириш методикаларининг янги ғоялари билан танишиш мақсадида Германияга делегацияларни юборган эди. Ушбу ғояларнинг асосчиси немис архитектори ва шаҳарсози Эрнст Май бўлиб, у 1930 йилларда Магнитогорск, Нижний Тагил ва Новокузнецк каби янги социалистик шаҳаларнинг лойиҳаларини ишлаб чиққан ва амалга татбиқ этган эди.

Баухаусдан чиққан 30 дан ортиқ мутахассисларнинг Совет Иттифоқидаги фаолиятини берлинлик маданиятшунос Астрид Вольперт тадқиқ этган.

Ўзбекистонда, масалан, Самарқанддаги қишлоқ хўжалиги институти биносига эътиборни қаратиш мумкин, архивларда унинг Баухаус битирувчиси Антонин Урбан томонидан тайёрланган лойиҳаларини топса бўлади.

Антонин Урбан чизмалари, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти: асосий кириш жойи бўлган марказий ризалит кўриниши ва биринчи қават режаси.

Урбан Чехияда туғилган, Баухаусда ўқиган, сўнг, Москвага кўчиб кетишдан аввал, Ханнес Майернинг Берлиндаги офисида ишлаган. Амалда қуриб битказилган бино нисбатан анъанавий фасад ва соддалашган режалаштириш (планировка)га эга бўлса-да, барибир чизмалар билан асосий уйғунликлар кўзга ташланади. Режалаштиришлардаги классик модерн услуби шаклларининг нафаси, масалан, ҳозирда сақланиб қолмаган ЎзССРнинг биринчи ҳукумат биносидаги (архитектор Стефан Полупанов, 1930−32 йиллар) каби, яққол сезилади.

Тошкент архитектураси нафақат йиллар, балки услублар бўйича ҳам турфа. 1920 йиллардаги саноатлаштириш даврида шаҳар архитектураси Константин Бабиевский ва Георгий Сваричевский каби архитекторларнинг лойиҳалари ортидан оммавий турар жой қурилиши ғоялари билан бойиди. Бунга ёрқин мисол — 1927 йили Сваричевский лойиҳаси асосида қурилган Темирйўл ишчилари уйидир.

Бинонинг 1930 йиллардаги кўриниши. Манба:«Письма о Ташкенте».


45-уй фасадининг кўриниши, 2018 йил. Фото: Дурдона Кулматова.

Ғиштдан қурилган икки қаватли 45-уй Амир Темур кўчасида, бош темирйўл вокзали яқинида жойлашган. Ушбу уйнинг бунёд этилиши кейинчалик 1930 йилларда Салор канали бўйида рўёбга чиқарилган темирйўлчилар учун кўп қаватли турар жойлар қуриш жараёнини бошлаб берган.

Хусусан, ушбу бино нисбатан кичик квартиралар шаҳар марказидаги боғ-ҳовлили катта иморатлардан коммунал турар жой тузилиши шаклларига ўтишни ўзида мужассам қилган ЎзССРдаги 1920 йиллар кўп қаватли турар жой қурилишидаги ўзгаришларнинг намунаси ҳисобланади. Ички ҳовли марказида жойлашган ошхона ва умумий фойдаланишдаги ҳаммом коллективизм ғоясини ифода этарди. 1920 йиллар конструктивизми билан ўхшашлик филигрань балконлар ва зинапояларнинг вертикал йўналтирилган ойналари кўринишида акс этган, бу эса Европа колониал архитектурасидан ўзлаштирилган янги қурилиш анъаналарига ўтишдан далолатдир.

Темирйўл ишчилари уйи ўн йилликнинг бошида фақат шаҳар иморатларидаги уй-коммуналардан иборат бўлган ЎзССРнинг илк йилларидаги оммавий турар жой қурилишининг камёб далилидир. 1980 йили ушбу турар жой архитектура ёдгорлиги сифатида тан олинган ва ёдгорликларнинг инвентаризация рўйхатига киритилган, буни архив маълумотлари ҳам тасдиқлайди.

Бу уй ўзига хос, такрорланмас. Иситиш ва вентиляция тизими яхши ўйланган, шу боис хонадонлар ёзда салқин ва қишда иссиқ. Бинонинг ҳажмий-маконий композицияси ички ҳовли тарафдан Марказий Осиё учун хос ёғоч қопламали очиқ пешайвонни ўз ичига олади. Кўмир сақлаш учун мўлжалланган пастак ертўла устидан икки қават қад ростлаган.

Бинонинг шимоли-ғарбий қаноти икки томони очиқ олтита подъезддан иборат бўлиб, ҳар бир қаватда икки ва уч хонали квартиралар жойлашган, жануби-шарқий қанотда эса тўртта зина ўрни бўлиб, ҳар бири қаватлардаги тўрттадан хонадонга кириш имконини беради. Зинапоя майдончаларининг поллари оқ-қора квадрат плиталар билан шахмат тартибида безатилгани айниқса эътиборга молик.

Кенг турар жой майдонларига баланд ва тор деразалар ўрнатилган, деворлардаги қалинлиги 90 сантиметрга етадиган токча (тахмон)лар эса мебелнинг ўрнини босиб, жойни тежайди. Бинони қуриш вақтида ўрнатилган кўмир билан иситиладиган чўян печлар ҳозиргача сақлаб қолинган ва газда иситишга мослаштирилган.

Уй блоклари конструктив жиҳатдан Тошкент воҳасининг урбанизацияси учун муҳим аҳамият касб этган милоднинг I асрига мансуб аҳоли манзилгоҳи — Мингўрик археологик ёдгорлигининг бевосита атрофида жойлашган катта марказий ҳовлини ҳосил қилган.

Интерьер деворларидаги токчалар, 2018 йил. Фото: Дурдона Кулматова.


Оригинал плиталари шахмат тартибида териб чиқилган зинапия майдончаси, 2018 йил. Фото: Дурдона Кулматова.

Иқлим шароитларига мослашув воситаси — ёғоч қопламали пешайвонлар. Улар бинонинг ички ва ташқи қисмлари ўртасида жуда қулай коридор ҳосил қилиб, шу тарзда турмуш сифатини ҳам яхшилайди. 2018 йил. Фото: Дурдона Кулматова.


Баухаус ва совет конструктивизми ривожланиши тарихидаги яна бир ўзаро алоқадорликни Бабиевский лойиҳаси асосида 1931 йили пахта тозалаш саноати ходимлари учун қурилган идоравий уйда ҳам кўриш мумкин. Уй Тошкентнинг марказий қисмида, Мустақиллик шоҳ кўчаси, 2-уй манзилида жойлашган. Бу бино ҳар бир хонадонида ўз ошхонаси ва алоҳида ваннахонаси бўлган илк замонавий турар жой объекти эди.

Лойиҳанинг бош ғояси «Бизга нима керак» ва «Менинг минимумим» шиори бўлган. Ушбу шиор Франкфуртда 1929 йили бўлиб ўтган «CIAM» конгрессида эълон қилинган «Кун кечириш минимуми учун қурилиш» таърифига ҳамоҳанг эди.


Фотосуратда узуқ-узуқ металл панжарали айланма балконларнинг замонавий ҳолати акс этган. Манба: Шукур Асқаров, Генезис, Ўзбекистон архитектураси, Тошкент, 2006.


Қават режаси: фасад балконлар «эгилиб» турган, ваннахона жойлашган ва плиткалар билан тўлдирилган чуқур ҳисобига янада жўшқин кўриниш олган.

Бино дизайнида Европанинг XX аср бошидаги замонавий архитектураси тамойиллари яққол кўзга ташланади. Берлинда 1920 йилларда қурилган ва ҳозирда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган турар жой мажмуалари каби, Бабиевский уйи ҳам архитектура ва дизайндаги янгича ёндашувлари сабаб, турмуш шароитларининг яхшиланиши тимсоли эди.

Безаклардан воз кечиш, оддийлик, абстракт фасадлар ва оддий геометрик шаклларда бинонинг маконий кўрсаткичларига юқори талаб қўйиш лойиҳанинг эътиборга молик жиҳатларидир. Шунга қарамай, фасаддаги баланд чуқурлар маҳаллий қурилиш анъаналарига асосланган. Балконларнинг умумий кўринишини шакллантирган тўсиқларнинг чизиқлари зина миноралари билан уйғунликда меъморий иншоотга жўшқинлик бахш этган.

Ушбу икки бино 1920 йилларда ва 1930 йиллар бошида Тошкентдаги турар жой қурилиши ва конструктивизмнинг энг ёрқин намуналари ҳисобланади — улар ўша давр кўп қаватли турар жой қурилиши эволюциясини намоён этади ва сақлаб қолиниши лозим. Масалан, Берлиндаги модернизм даврига мансуб мавзелар Бутунжаҳон мероси мақомини олган бир вақтда Тошкентда муҳофаза қилиниши лозим бўлган объектлар уларнинг қадрига етмаслик оқибатида бузиб ташланиши мумкин.


Бутунжаҳон мероси — «Модернизм давридаги Берлин мавзелари"нинг бир қисми ҳисобланган Берлиндаги 1920 йилларда қурилган турар жой мажмуалари. Архитектор: Бруно Таут, Манба: Википедия.


Алюминийли композит панеллар балконларнинг қачонлардир бежирим бўлган кўринишини бузмоқда, 2018 йил. Фото: Дурдона Кулматова.


Конструктивизм ва бино қурилган йил — 1931 йилга хос ойна полосасига эга зинапоя майдончасининг туртиб чиққан жойи. Фото: Дурдона Кулматова, 2018 йил.


Мустақиллик шоҳ кўчасидаги уйнинг умумий кўриниши, 2018 йил. Фото: Дурдона Кулматова.

Тошкент архитектура-қурилиш институти, Дрезден техника университети, шунингдек, Баухаус билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган «Тошкент меъморий ёдгорликлари топографияси тадқиқоти» лойиҳаси доирасида юқорида тилга олинган турар жойларнинг экспертизаси ва баҳолаши ўтказилди. Биноларнинг тарихий ва бадиий аҳамияти ҳамда Ўзбекистоннинг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида"ги қонуни 3-моддасида назарда тутилган мезонларга мувофиқлиги аниқланди. Шу боисдан кенг жамоатчилик ва келажак авлод манфаатларидан келиб чиқиб, бу биноларни сақлаб қолиш зарур.

Ташкил этилганидан 100 йил ўтиб, Баухаус бугун нималар машғул? Институтнинг Веймар, Дессау ва Бернаудаги бинолари ҳозирда Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилганига қарамай, Баухаус давримизнинг архитектура, дизайн ва ёдгорликларни сақлаб қолиш бўйича жамоавий чақириқларга ечимлар излашда давом этмоқда.

2013 йилдан бери Тошкент архитектура-қурилиш институти (ТАҚИ) билан қизғин ҳамкорлик давом этмоқда. Биноларни консервация қилиш ва ёдгорликлар муҳофазаси бўйича 2013−2015 йиллардаги магистрлик дастурида иштирок этиш, шунингдек, ҳозирги вақтда амалга оширилаётган инвентаризацияга йўналтирилган меъморий мерос топографиясини тадқиқ этиш лойиҳаси ва у билан боғлиқ Тошкентнинг сақлаб қолишга лойиқ меъморий ёдгорликларини маданий-тарихий жиҳатдан баҳолаш жонли ва муваффақиятли ҳамкорликни намоён этади, бунга, шунингдек, ёдгорликларни муҳофаза қилиш бўйича немис хизматлари билан мутахассислар алмашинувини ҳам киритиш мумкин. Алмашинув тескари йўналишда ҳам давом этмоқда.

Ўтган йил ёзида ТАҚИ битирувчиларидан бири Ислом Каримов номидаги стипендия бўйича Веймардаги Баухаусда ўқиди, қишки семестрдан бошлаб эса Тошкент талабалари университетда архитектура ва қурилиш муҳандислиги бўйича таҳсил олишлари учун ўқиш ўринлари мунтазам асосда ажратилади.

Бундан ташқари, ёдгорликларни муҳофаза қилиш соҳасида ҳам ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Архитектура ёдгорликларини муҳофаза қилиш бўйича Тошкент шаҳар инспекцияси юқорида тилга олинган Амир Темур кўчасидаги 45-уйни ўрганиб чиқди, ёдгорликни муҳофаза қилиш бўйича йўқолган қайдлар эса архивлардан топилди. Илмий кенгаш йиғилишида бинонинг ўзига хослиги ва унинг архитектура ёдгорлиги сифатидаги мақоми тасдиқланди.

Тегишли ваколатли орган ва олимлар бино муҳофазага лойиқ, деган фикрда. Маданият вазирлиги томонидан ҳам шундай тасдиқнинг берилиши шаҳарни қайта қуриш жараёни ишончли ҳуқуқий ва жамоавий асосда юз бераётганини жамоатчиликка кўрсатувчи зарур ва вақтида берилган сигнал бўлур эди. Айнан мана шу ҳуқуқий ишонч мамлакатни инвестициялар ва халқаро алоқалар ҳам учун жозибали қилади.

Муаллифларнинг фикри таҳририяти нуқтаи назарига мос келмаслиги мумкин.

Йенс Йордан — меъморий меросни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис, Германиянинг ИКОМОС (Ёдгорликлар ва диққатга сазовор жойларни муҳофаза қилиш бўйича халқаро кенгаш) Миллий қўмитаси аъзоси, Дрезден техника университети ва Баухаус университети катта илмий ходими. 2006 йилдан бери Ўзбекистоннинг меъморий меросини ўрганади. 2012−2015 йилларда Ўзбекистон меъморий меросини реставрация, муҳофаза қилиш ва менежменти бўйича ўзбек-немис магистрлик дастурини тайёрлаш ва амалга оширишда иштирок этган. 2017 йилдан бери ўзбекистонлик ёш мутахассисларнинг малакасини ошириш мақсадида маданий мерос объектлари ҳолати тўғрисидаги билимларни беришга йўналтирилган илмий-амалий лойиҳани олиб бормоқда. Ушбу лойиҳалар Германиянинг Фольксваген фонди томонидан Ўзбекистон меъморий меросини муҳофаза қилиш соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш учун ажратилган грант билан қўллаб-қувватланган.

Дурдона Кулматова — 2013−2015 йилларда ТАҚИ ҳузурида Германиянинг тўртта олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда ташкил этилган биноларни консервация қилиш ва ёдгорликлар муҳофазаси бўйича ўзбек-немис магистрлик дастури иштирокчиси. Ҳозирги вақтда Тошкент меъморий ёдгорликларини инвентаризация қилишга йўналтирилган меъморий меросни тадқиқ этиш лойиҳаси иштирокчиси ҳисобланади, ИКОМОС аъзоси.