Нотўғри овқатланиш ҳар йили 11 миллион кишининг ўлимига сабаб бўлмоқда. Тамаки истеъмоли билан боғлиқ касаллардан эса 8 миллион киши ўлмоқда, деб ёзди The Lancet журнали.

Тадқиқот АҚШдаги Саломатлик кўрсаткичлари ва еволюция институти (Institute for Health Metrics and Evaluation) томонидан ўтказилди.

Энг катта муаммо, бу — биз истеъмол қилаётган носоғлом емаклар эмас, балки биз емайдиган озуқаларда. Шакар ва трансёғлар зарарли, аммо рационимизда соғлом овқатларнинг йўқлиги энг кўп ўлимга сабаб бўлмоқда", — дея иқтибос келтиради нашр.

Экспертларнинг сўзларига кўра, нотўғри овқатланиш сабабли содир бўлувчи юрак хуружи ва инсульт ўлим ҳолатларининг асосий сабаби бўлса, ундан кейинги ўринларда саратон ва қандли диабетнинг иккинчи тури бормоқда.

Изланишлар тўғри овқатланиш орқали дунёда ҳар бешинчи ўлимнинг олдини олиш мумкинлигини кўрсатди. Мева ва сабзавотларни кам, тузли овқатларни жуда кўп истеъмол қилиш овқатланиш билан боғлиқ ўлим ҳолатларининг ярмини ташкил этади.

Институт тадқиқотчиларидан бири Ашкан Афшиннинг қайд этишича, Ўрта Ер денгизи парҳезига амал қилувчи, яъни кўпроқ мева, сабзавотлар,ёнғоқ ва дуккакли маҳсулотларни истеъмол қилувчи давлатлар саломатлик борасида энг яхши кўрсаткичларга эга бўлган. Улар — Ливан, Исроил ва Эрон.

Жумладан, Исроилда овқатланиш билан боғлиқ ўлимлар бўйича энг паст кўрсаткич қайд этилган — ҳар 100 минг аҳолига 89 киши. Кейинги ўринларда Франция, Испания ва Япония бормоқда.

Буюк Британия 100 минг аҳолига 127 ҳолат билан 23-, АҚШ — 43-(171) ўринни банд этди. Ўзбекистон эса ҳар 100 минг кишига 892 ҳолат билан охирги ўринни эгаллади.