Ўқитувчиларни обуна бўлишга мажбурлаганлик айбланиб вазифасидан озод қилинган Янгийўл туманидаги 10-мактаб директори Шавкат Ризаев 25 март куни ўз лавозимига қайта тайинланди. Бу ҳақда «Маърифат» газетаси бош муҳаррири Ҳусан Нишонов ўзининг Facebook-саҳифасида маълум қилди.
Ишдан бўшатилган директорнинг лавозимига қайта тайинлангани ҳақида таҳририятга хабар келиб тушганч, нашр мухбирлари масалага ойдинлик киритиш мақсадида Янгийўл туманига боради.
«Мен ҳеч кимни газета-журналларга обуна бўлишга мажбурламагандим, — дейди Шавкат Ризаев. — Аслида воқеа бошқача бўлган… Жамоамизда навбатдаги йиғилиш ўтказилди. Унда обуна масаласи ҳам кўтарилди. Мен мажбурий обуна тақиқланганини, агар кимда-ким хоҳласа, ихтиёрий тарзда ўзи истаган газета-журналга обуна бўлишини билдирдим. Шундан сўнг аксарият педагоглар бирор нашрга бир киши якка ҳолда обуна бўлиши моддий жиҳатдан оғирлик қилишини, шу сабаб, ўзаро келишиб, ойлик иш ҳақларидан фақат таълим нашрларига ёзилишини айтишди. Мен ҳам рози бўлдим».
Ҳисоб-китобларга кўра таълим нашрлари — «Маърифат» газетаси, «Бошланғич таълим», «Халқ таълими», «Мактабда кимё», «Педагог минбари», «Мактабда биология», «Синф раҳбари», «Информатика ва математика» журналлари обунасига бир миллион сўм атрофида маблағ керак бўлган. «Бу декабр ойидаги гап. Январда ўқитувчилар ўз ихтиёри билан ойлик иш ҳақидан 26 минг сўмдан йиғди. Аммо пулни мен қўлимга ушламаганман», — дейди директор.
Унинг газета мухбирларига маълум қилишича, бир неча кун ўтгач, ур-тўполон бошланган. Директорни бошқармага чақиришади. Бошқарма бошлиғи хонасида Халқ таълими вазирлигининг ходими Отабек Ибрагимов у билан суҳбатлашади. Вазирлик мутахассиси уни тушунишни хоҳламайди. «Сен президент топшириғини бажармагансан. Ҳатто мактабда ишлашга ҳам нолойиқсан», дейди. Шундан сўнг ёзма тилхат олиб, кетишга рухсат беради.
«Кейин феврал ойида ОАВда Халқ таълими вазирлигининг ахбороти эълон қилинди. Маҳалла-кўй, қавм-қариндошлар олдида юзим шувут бўлгани етмагандек, энди бутун республикага ёмонотлиқ бўлдим. Наҳотки, умримни, ҳаётимни ўқитувчилик касбига бахш этсаму, эвазига топганим шу бўлса, деб қон йиғладим», — дейди педагог.
Шавкат Ризаевнинг таъкидлашича, мактабга 2006 йили директор бўлган. «Ўшанда аҳвол жуда ачинарли эди. 315 ўринли бинода сифатли таълим олиш учун шароит етишмасди. Спорт зали йўқ эди. Директор бўлиб иш бошлаган илк кунларимданоқ, мана шу муаммоларга ечим қидира бошладим. Вилоят халқ таълими бошқармасига ойлаб қатнадим. Ниҳоят, мактабимиз 2016 йилги Инвестиция дастурига киритилди. Қурилишни «Чиноз ПМК-33» қурилиш корхонаси олиб борди. Янги ўқув йилига оз вақт қолганди. Шу боис, қурувчилардан илтимос қилиб, ишни икки сменада ташкил этдик. Миннат эмасу, уларнинг кечки таомини ҳам ўз ҳисобимдан қилдим. Кечалари қурувчиларга кўмаклашдим. Мақсад қурилиш ишларини янги ўқув йилигача тамомлаш эди. Минг шукр, ҳаракатларимиз бесамар кетмади. Белгиланган муддатда қурилиш якунига етгач, мактабни тоза ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси пайдо бўлди. Бу мураккаб иш катта маблағ талаб қиларди. Чунки қишлоғимизда ичимлик сувининг ўзи йўқ эди. Қолаверса, мактабни ичимлик суви билан таъминлаш Дастурга киритилмаган экан. Қурилиш корхонаси раҳбари Аҳмадали Худойберганов билан маслаҳатлашиб, муаммога ечим қидирдик. У ҳам мард инсон экан. Гарчи бу иш учун маблағ ажратилмаган бўлса-да, мактаб учун ёрдам қилди. 110 метр чуқурликдан тоза ичимлик суви чиқариб берди. Бунинг учун, адашмасам, 70 миллион сўм сарфланди. Камига маҳалла фуқаролар йиғини ҳам кўмаклашди. Ниҳоят, мактабимиз тоза ичимлик суви билан таъминланди. Бундан қишлоқ аҳли ҳам хурсанд бўлди. Ҳозир улар ҳам шу қудуқдан фойдаланади.
Шу кўнгилсизликдан кейин ён-атрофдаги мактаб директорлари менга қўнғироқ қилиб, қайси газета-журналларга обуна «уюштирилгани"ни сўради. Фақат таълим нашрларига эканини айтганимдан кейин улар ҳам қўрқиб, шу нашрлар учун обунага тарғиботни тўхтатишди…»
Суҳбат давомида ўқитувчилар шу воқеадан кейин таълим нашрларининг обунаси учун йиғилган пуллар қайтариб берилганини таъкидлашди. Ачинарлиси, барча муаллимлар таълим нашрларига ўзлари хоҳлаб обуна бўлишни исташса-да, газета-журналларсиз қолишибди, деб ёзади газета мухбирлари.