Жиноят ишлари бўйича Қуйичирчиқ туман суди биносида судланувчилар А. Турсунбоев ва бошқаларга (судланувчиларнинг умумий сони — 16) нисбатан жиноят ишининг тергов билан якунланган қисмини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматининг «Газета.uz"га хабар қилишича, судланувчилар А. Турсунбоев ва бошқалар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 168-моддаси (фирибгарлик), 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) ва 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ҳозирги кунда суд тергови ўтказилмоқда. Бугунга келиб 11,5 мингдан зиёд жабрланувчиларнинг 7 мингдан ортиғи сўроқ қилинди, 20 нафар гувоҳнинг кўрсатмалари тингланди.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси Х. Шермухамедов раислигида кўриб чиқилмоқда. Суд жараёни давом этмоқда.

Эслатиб ўтами, 2018 йил 21 февраль куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судида Аҳмаджон Турсунбоев, Олмос Қўчқоров, Иззатила Иброҳимов, Муроджон Турсунбоев, Ойбек Турсунбоев, Азизжон Турдиев ва Рашид Исмоиловга нисбатан суд ҳукми эълон қилинган. Уларга 7 йилдан 13 йилгача муддатдан озодликдан маҳрум этиш ва жарима жазолари тайинланди.