Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Тошкентнинг Юнусобод тумани ҳокими лавозимида фаолият кўрсатган Бахтиёр Абдусаматов (1976 йилда туғилган) нисбатан жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бўлиб ўтмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Абдусаматов 2018 йил сентябрида хизмат хонасиа пора олаётганда ушланган эди. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, ер участкаси ажратиш учун пора миқдори 400 минг долларни ташкил этган.

У билан бирга вақтинчалик ишсиз Ўлмас Мухамедсаидов (1970) ва Туризмни ривожлантириш қўмитаси «Миллий PR-маркази» ДУК бош директори лавозимида ишлаган Шохрух Маликов (1982) ҳам судланмоқда.

Собиқ ҳоким Бахтиёр Абдумасатов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддасида (пора олиш) кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ўлмас Мухамедсаидов эса ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш), Шохрух Маликов ЖКнинг 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.

Ҳозирги кунда суд тергови давом этиб, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланмоқда. Суд жараёни давом этмоқда, дейилади хабарда.