Сешанба куни кўзи ожиз болалар учун мактаб-интернатларига Брайл бўйича приборларнинг биринчи 725 таси топширилди, августда яна 1275 тасининг етказиб берилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ускуналар Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти, Жанубий Кореянинг «FRIEDASIA» компанияси ва Бутунроссия Кўзи ожизлар жамияти ўртасида имзоланган шартнома доирасида сотиб олинди.

Августда мактаб-интернетларига 1275 дона прибордан иборат иккинчи партия етказилади. Шундай қилиб, жорий йилда Ўзбекистондаги кўзи ожиз болалар учун мактаб-интернатлари Брайл ёзуви учун грифелли 3000 та темир дафтарга эга бўлади. Лойиҳа қиймати 357 млн сўмни ташкил этади.

Бугунги кунда халқ таълими тизимида кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар учун 14 та мактаб-интернати фаолият кўрсатмоқда. Уларда таҳсил олаётган 2831 ўқувчига 823 ўқитувчи ва 606 тарбиячи таълим бермоқда.

Ўқувчиларга 145 номдаги дарсликлар (Одобнома, Мусиқа, Тасвирий санъат, Меҳнат таълими ва Жисмоний тарбия дарсликлардан ташқари) Брайль тизимида алоҳида чоп этилади. Сўнгги икки йилда кўзи ожиз болалар учун жами 30 номдаги (33 628 нусха) дарслик чоп этилди. 2019−2020 ўқув йили учун 10 номдаги 13 минг 843 нусха дарсликлар чоп этилиши режалаштирилган.