Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Савдо департаменти мутасадди раҳбарлари ва бир қатор бозорлар раҳбарларидан иборат 22 нафар судланувчи устидан суд жараёни давом этмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот хизмати хабар қилди.

Судланувчилар орасида Тошкент шаҳар савдо ва ишлаб чиқариш департаменти бошлиғи лавозимида ишлаган Р. Абдумажитов (1961 йилда туғилган), Тошкент озиқ-овқат захираси" ДК директори лавозимида ишлаган Р. Расулов (1963), «Истеъмолда бўлган транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмлари Сергели бозори» МЧЖнинг собиқ директори Д. Арифджанов (1966), «Наврўз давлат қабуллар уйи» ДКнинг собиқ директори Д. Тилляходжаев (1957), Юнусобод деҳқон бозорининг икки нафар собиқ директори О. Мустаев (1986) ва Б. Юсупов (1956), Ўрикзор бозорининг собиқ директори Д. Муратов (1959), «Чорсу» бозорининг икки нафар собиқ директори И. Сабиров (1968) ва Д. Миртаджиев (1978) ва бошқалар ўрин олган.

Мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А. Нишонов ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилмоқда.

Судланувчилар Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168 (фирибгарлик), 184 (солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 189 (савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш), 192−1 (хусусий мулк ҳуқуқини бузиш), 205 (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 208 (ҳокимият ҳаракатсизлиги), 209 (мансаб сохтакорлиги), 210 (пора олиш), 228 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш), 243 (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Ҳозирги кунда судланувчиларнинг кўрсатмалари тингланмоқда. Суд жараёни давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг августида Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар содир этгани учун пойтахтдаги бир қатор бозор раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди.

Ушбу шахслар:

  • сифатсиз маҳсулотларни сотиб олиш ва уларнинг бузилишига йўл қўйиш орқали давлатга 27,7млрд сўмлик зарар етказиш;
  • бозорлар ҳудудида пулли хизматларни кўрсатишдан тушган 3 млрд сўмдан зиёд маблағларни инкассация қилмасдан ўзлаштириш;
  • аниқлаштирилмаган ва ноқонуний қурилмалар (омборлар ва енгил конституциялар) фаолиятидан тушган 2 млрд сўмдан ортиқ маблағларни ўзлаштириш;
  • савдо нуқталари фаолиятидан тушган ижара тўловларини топширмаслик йўли билан 1 млрд сўмдан ортиқ давлат маблағларини талон-тарож қилиш;
  • савдо нуқталарини сотишда тадбиркорлардан 2 дан 5 минг долларгача миқдоридаги ноқонуний мукофот пулларини олишда айбланмоқда.

Бундан аввалроқ, мазкур иш доирасида терговга жалб қилинган «Бек тўпи» савдо мажмуасининг собиқ директори Шукриллахон Эргашев 30 март куни ИИВ ЖИЭББга қарашли 1-сон тергов ҳибсхонасида (собиқ «Тоштурма») вафот этган эди. 2018 йилнинг 12 ноябрида эса 1-сонли тергов ҳибсхонасининг тиббиёт бўлимида «Чилонзор буюм савдо мажмуаси» капитал қурилиш бўлимининг собиқ бошлиғи Дилшод Абдуллаев ўзини осган.