Яқинда Давлат божхона қўмитасининг Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бошқармаси томонидан фош этилган қонунбузарлик ҳолатларида муқаддам йўллар орқали олиб кирилган қиймати 3,5 миллиард сўмлик товар-моддий бойликларнинг яширин айланмасига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати бош инспектори Ҳусан Тангриев маълумот берди.

Намангандан пойтахт томон йўлга чиққан фуқаро Ж.М. бошқарувидаги «Исузу» русумли юк автотранспорт воситаси Ўртачирчиқ тумани ҳудудида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди. Сиртдан қаралганда автомашина юкхонасига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган турли кийим-кечаклар ортилгандек туюлса-да, аслида бу товарлар ортига хорижда ишлаб чиқарилган ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 7 турдаги товарлар яширилган экан.

Товарларнинг асосий қисмини 14 минг донадан ортиқ сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ташкил қилиб, уларни сақлаш ва ташиш қоидаларига умуман риоя қилинмаган. Шунингдек, 2 турдаги 301 дона электр ҳисоблагичлар, 20 дона телевизорлар, 494 дона турли хилдаги аёллар ва эркаклар кийим-кечаклари, 7200 қути сақичлар, 31 дона биологик фаол қўшимчалар ва бошқа товарлар борлиги аниқланди.

Мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тахминан 1 миллард 67 миллион сўмдан ошар экан.

Ушбу қонунбузарлик ҳолатини илдизи билан бартараф қилиш мақсадида ушбу шахс истиқомат қилаётган Наманган шаҳридаги хонадони ҳам белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Ушбу ҳовли муқаддам айланма йўллар орқали олиб кирилган товарлар яширинча сақланаётган омборга айланиб улгурган экан. Кўздан кечириш давомида бу ерда 9 турдаги 19 минг донадан ортиқ дори воситалари ҳамда 13,8 минг донадан ортиқ флешкарталар борлиги аниқланди. Мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра1 миллирд 434 миллион сўмдан ошар экан.

Шунингдек, Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда аниқланган яна бир қонунбузилиш ҳолатида қиймати 1 миллиард сўмдан зиёд бўлган товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб кирилиши олди олинди.

Пойтахтда якка тартибдаги тадбиркорлардан бирининг номига хориждан келтирилган канцелярия товарларини кўздан кечириш давомида божхона юк декларацияси ва йўл-юк кузатув ҳужжатларида кўрсатилган товарлар билан контейнердаги товарлар ўртасида катта тафовутлар борлиги маълум бўлди.

Аниқланишича, оғирлиги салкам 10 тонна бўлган 266 минг донадан ортиқ канцелярия товарлари ҳужжатларда умуман кўрсатилмагани маълум бўлди.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.