30 март куни Ўзбекистон Спорт вазирлиги Чимкент-Тошкент марафони бўлиб ўтгани ҳақида хабар берган эди. «Газета.uz» эълон қилган хабар остидаги изоҳларда тадбир иштирокчиларидан бири Юрий Храмов Ўзбекистон номидан қатнашишга ариза берган 55 спортчидан фақат 7 нафаригина марафонда иштирок эта олганини ёзди. У Ўзбекистон делегациясининг катта қисми илова хати йўқлиги сабабли Қозоғистон чегарасини кесиб ўта олмаганини маълум қилди.

«Газета.uz» Ўзбекистон Велоспорт федерацияси (UCF) билан боғланганида, бу хабар ўз тасдиғини топди: «Ўзбекистон Велоспорт федерацияси томонидан барча зарур жараёнлар амалга оширилди. Биз спортчилар учун Чимкентга автобус ва фура ташкил этдик. „Майский“ постида Қозоғистон вакилларимизни ўз велосипедлари билан чегарадан ўтказмади. Велосипедчиларимиз бетараф ҳудудда — Ўзбекистон ва Қозоғистон чегаралари ўртасида қолиб кетди».

Спорт ташкилотининг қайд этишича, Қозоғистон Велоспорт федерацияси Қозоғистон чегара постига зарур мактубни юбормагани сабабли ўзбекистонликлар чегарани кесиб ўта олмаган.

«Биз ўз постимизга хатни юбордик — улар ўтказиб юборишди, бироқ улар томонидан илова хати йўқлиги сабабли Қозоғистонга киришнинг иложи бўлмади. Шунинг учун велосипедларни бетараф ҳудудда қолдириб, чегарадан спортчилар билан ўтишимизга тўғри келди, чунки улар биздан божхона декларациясини талаб қилишди», — деди федерация вакили.

Чимкентга келган Ўзбекистон вакиллари Қозоғистон Велоспорт федерациясига муаммо ҳақида хабар беради. «Федерация масъул ходими зудлик билан хатни тайёрлади. Бизни велосипедлар ўтказиб юборилиши ва биз марафон қатнашчилари йўлнинг ярмини кесиб ўтиб, Қозоғистон довонидан ўтганида уларга қўшилишимизга ишонтиришди. Бироқ хат белгиланган ердан ўтиб, „Ғишткўприк“ постига етиб келганимизда келди», — деди UCF вакили.

«Майский» пости бетараф ҳудудида турган автобус ҳайдовчиси Ўзбекистонга қайтишга ҳаракат қилган, бироқ у ерда ҳам муаммо пайдо бўлган, деди суҳбатдош.

«Чегарачиларимиз ҳайдовчи нима учун Қозоғистон чегарасини кесиб ўтмасдан бетараф ҳудудга қайтганини сўрашди. Вакилимизнинг «Ғишткўприк"дан «Майский"га 20 км масофага боришига тўғри келди. Шундан кейингина спортчиларимиз велосипедларини олиб, бошқа марафончиларга қўшилиш ва Тошкентдаги финиш чизиғини кесиб ўтишга муваффақ бўлишди».

Ўзбекистон Велоспорт федерацияси марафонда хабарда кўрсатилгандек 250 нафар эмас, балки 150 нафар спортчи, жумладан 55 нафар Ўзбекистон вакилининг иштирок этиши кутилганини қайд этиб ўтди.