Хусусий мулк ҳуқуқи бузилиши инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларни йўққа чиқаради, деб ёзади Гарвард бизнес мактабининг тадқиқотчиси, «Буюк келажак» экспертлар кенгашининг аъзоси Ботир Қобилов. У ўзининг навбатдаги мақоласида инвестициялар давлатга ва бизнесга бўлган ишончни мустаҳкамлаб, бутун жамият учун фаровонлик неъматига айланадиган соҳаларга ишора қилади.

Шаҳарлардаги турар жойлар ва тадбиркорлик фаолияти объектларини бузиш давом этаётгани, шунингдек инвестиция муҳитини яхшилашдек долзарб мавзу Ўзбекистон ўз тараққиёти давомида таяниши керак бўлган фундаментал тушунчалардан фойдаланиш ҳақидаги фикрларни келтириб чиқаради.

Мамлакатимиз хорижий инвесторлар ва жаҳон ҳамжамияти учун иқтисодиёт эшикларини очиб, халқаро молия бозорлари томон дастлабки қадамларни қўймоқда. Ўзбекистон 8,5 млрд долларлик еврооблигацияларга эҳтиёж бўлиб турган бир пайтда дастлабки 1 млрд доллар ҳажмидаги шундай облигацияларни муваффақиятли чиқаргани қувонарли ҳол. Бу — мамлакат учун ҳақиқатан ҳам тарихий воқеа.

Молия вазири Жамшид Қўчқоровнинг таъкидлашича, облигациялар жойлаштирилиши, биринчи навбатда, мамлакатни интизомга солади. Эҳтимол, интизом кучайиши ҳозирги босқичда биз облигацияларни жойлаштиришдан олаётган энг катта манфаатдир, дейиш мумкиндир.

Шу нуқтаи-назардан қараганда, ахборотнинг ҳаммабоплиги масаласига муносабатни тубдан ўзгартириш, статистика ҳисоботларини мустаҳкамлаш, давлат корхоналарининг бухгалтериясини соғломлаштириш, оммавий ахборот воситаларининг холис ахборот етказиб бериш борасидаги имкониятларини чекламаслик зарур.

Шундай қилинса, инвесторлар ва бозор иштирокчиларининг Ўзбекистон иқтисодиёти, молия тизими, корхоналарнинг ҳисоботлари, қонунлар ижроси тўғрисидаги, қолаверса, хусусий мулк ҳуқуқи муҳофазаси ҳақидаги тўғри ва шаффоф ахборотга бўлган талаби кўп маротаба ошади. Хусусий мулк ҳуқуқи муҳофазаси тўғрисида эса биз илгари ҳам кўп мулоҳаза юритганмиз.

Мамлакатнинг айрим минтақаларида хусусий мулк дахлсизлиги принципи тез-тез бузилаётгани евробондларни жойлаштириш ва хорижий инвесторларни жалб этиш орқали жаҳон ҳамжамиятига дарвозаларимизни кенг очиш учун амалга оширишимиз керак бўлган ишларга мутлақо зиддир. Шундай экан, мен ўзгармас қадр-қимматга эга икки нарсага эътиборни қаратмоқчиман. Булар — хусусий мулк ҳуқуқини муҳофаза қилиш ва халқнинг давлатга ишончи масалалари.

Фундаментал асос

Бошқа мамлакатларнинг тажрибасини таҳлил қилиш ва қўллашга уринар эканмиз, уларда, масалан туризм, минтақалар, қишлоқ хўжалиги, инновацион технологиялар, шаҳарсозлик, таълим соҳаси, АКТ, банклар, фуқаролик жамияти қандай ишлаши ва ривожланганлигини таққослаймиз ва ўзимизга: «Нима учун бизда бундай эмас?» ва «Нима сабабдан биз ҳам шундай қилолмаймиз?» деб саволларни берамиз. Адолат юзасидан шуни ҳам таъкидлаш лозимки, таққосланаётган мамлакатлар барча соҳалардаги тараққиётга секин-аста, қадам-бақадам эришган ва биз буни тўғри тушунишимиз зарур.

Лекин агар асосий омил — аҳолининг ўз давлатига ишончи бўлмаса, фундаментал, яхлит принципларни эътибордан четда қолдириб, чет давлатларнинг амалиётини у ер-бу еридан «чўқилаб» қўллаган билан кутилган самарага эришиб бўлмайди. Президентимизнинг: «Халқ давлатга эмас, давлат халққа хизмат қилиши керак», деб қайта-қайта таъкидлаши ўзимиз кўп такрорлайдиган «буюк келажак"ка умид билан қараш имконини бермоқда.

Бироқ одамлар яшаб турган уйлар бузилаётган, ҳоким фермерларни калтаклаётган, ЮНЕСКО ҳимоясидаги тарихий бинолар вайрон қилинаётган, бизнес-объектлар олиб қўйилаётган ёки тадбиркорнинг Халқ банкидан олинган кўп миллиардлик кредит ҳисобига қурилаётган биноси бузиб юборилаётган бўлса, ишонч ҳам йўқолади. Таассуфки, бундай ҳолатлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин.

Бундай хатти-ҳаракатларнинг ҳаммаси ҳар қандай ривожланган, бой ва аввало ўз аҳолиси учун, кейин эса инвесторлар учун ҳам жозибадор мамлакатнинг фундаментал асоси — хусусий мулк ҳуқуқи кафолатларини пароканда қилади. Сиз дунёдаги исталган иқтисодчи, стратег, ҳуқуқшунос, маслаҳатчи ёки тадбиркорнинг қай биридан сўраманг, уларнинг ҳар бири хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоялаш ривожланишнинг асоси эканлигини таъкидлайди. Шундай муҳофаза йўқ жойда ривожланишни тасаввур қилиб бўлмайди.

Нима учун айрим мамлакатлар бой, бошқалари камбағал?

Ривожланиш соҳасида жаҳондаги етакчи иқтисодчилардан бири, номи кичик сарлавҳа қилиб олинган машҳур китоб ҳаммуаллифи бўлган Дарон Аджемоглунинг таъкидлашича, мамлакатлар инклюзив иқтисодий ва сиёсий муассасалар, давлат ва эркин бозор уйғунлашуви шарофати билан бойийди. Бунда:

  • давлат жисмоний ва юридик шахсларни инвестициялар йўналтиришга, янгиликларни жорий этишга рағбатлантиради ва айни пайтда хусусий мулк ҳуқуқини кафолатлайди;
  • давлат сифатли таълим ва инфратузилмани тақдим этиб, инвестициялар ва ўсишни таъминлайди;
  • давлат унинг фуқаролари томонидан назорат қилинади, идоралар ва қонунлар барча учун баробар ишлайди.

Мен Аджемоглунинг таълим, хусусан олий таълим тўғрисидаги хулосаларини тасдиқловчи ўз фикрларимни илгари ҳам билдирганман. Қуйидаги график таълим билан мамлакат бойлиги орасидаги алоқадорликни кўрсатади.

Манба: Жаҳон банки маълумотлари, 2017−2018.

Графикда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ билан олий маълумот олиш имконияти орасидаги ўзаро боғлиқликни кўриш мумкин. Амалда 1,0га тенг бўлган ижобий боғлиқлик қайд этилган ушбу график маълумотли одамлар қанча кўп бўлса, мамлакат ҳам шунча бой бўлишидан далолат беради ва аксинча.

Шуниси диққатга сазоворки, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳамда маълумотлар одамлар фоизи кўрсаткичларига қараганда, Ўзбекистон ҳатто фаол ҳарбий тўқнашувлар бўлаётган, аҳолиси фожиали аҳволга бориб қолган, одамлар очдан ўлаётган бир гуруҳ мамлакатлар (Сомали, Судан, Сьерра Леоне, Ливия, Гаити, Зимбабве)дан ҳам бироз ортда қолаяпти.

Агар бюджетда қўшимча маблағлар ёки хорижий инвесторлар пайдо бўлса, уларни таълим соҳаси ва тиббиётга йўналтирилса, яхши бўларди. Бундай инвестициялар қисқа давр ичида пул кўринишида фойда келтирмайди, бироқ бу икки соҳа мамлакатимизни ривожлантириш учун энг устувор соҳалар ҳисобланади. Ахир биз мамлакатни қисқа муддатли мақсад ва манфаатлар учун эмас, балки келажак авлод учун барпо этаяпмиз. Шундай эмасми?

Шу ҳолатда икки йирик олий таълим муассасаси — Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат техника университетини (қарийб 20 минг (!) талабани) ҳозирги жойидан қаёққадир шаҳар ташқарисига кўчириш ҳақидаги таклиф ўйлантириб қўяди. Идора вакилининг (таклиф киритаётганда ақалли сабаб-оқибат алоқадорлигига ҳам таянмаган) «мантиқий» фикрича, аллақандай «мегаполислар қонунияти"га биноан университетлар ўрнига кўпроқ бизнес-марказлар ва савдо нуқталари бўлиши керак эмиш.

Таълим муассасалари хусусидаги «бузамиз-кўчирамиз» деган сафсаталар мантиққа зид, ва умид қиламанки, соғлом фикр устун келиб, бу таклиф амалга ошмай қолади. Мамлакатга янада кўпроқ олий таълим муассасалари керак. Ҳамма минтақаларда уларнинг филиаллари ёки янги олий таълим муассасалари очилиши зарур. Шунда истисносиз ҳамма таълим олиш имконига эга бўлади. Энг асосийси, таълим кенг қамровли бўлиши керак.

Тошкентдаги давлатга қарашли олий таълим муассасаларида жинсий мувозанатсизлик катталигини кузатиш мумкин. Талабалар орасида йигитларга нисбатан қизларнинг сони икки баравар кам.

Ўзбекистон олий таълим муассасаларида ўқиётган йигит ва қизлар сони, 2018−2019 ўқув йилига оид маълумотлар. Манба: Олий таълим вазирлиги.

20 минг талаба таҳсил олаётган олий таълим муассасаларини кўчириш/тугатиш каби қадамлар, агар «етти ўлчаб бир кесилмаса», таълим олиш имконияти билан боғлиқ вазиятни ёмонлаштиради, холос. Одамларни, оилаларни ва олий таълим муассасаларини кўчиришдан аввал инфратузилмага доир барча шарт-шароит яратилиши — коммуникациялар, транспорт, мактаблар, болалар боғчалари, ҳиёбонлар, касалхоналар, банклар, ётоқхоналар барпо этилиши даркор. Акс ҳолда, буни шунчаки «кўчага чиқариб ташлаш», деб ҳисоблаш мумкин.

Бахтли халқ

Колумбия университетининг профессори, Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ махсус маслаҳатчиси Джеффри Сакс иқтисодий ривожланиш ва камбағалликка қарши кураш масалаларини тадқиқ этаётган жаҳондаги энг таниқли иқтисодчилардан биридир.

Бахтиёрлик тўғрисида 2018 йилда жаҳон ҳамжамияти олдида қилган ўз маърузасида у муайян мамлакатдаги одамларнинг бахтлилиги қуйидаги асосий шартларга боғлиқлиги ҳақида айтган:

  • иқтисодий гуллаб-яшнаш (жумладан, ҳамма учун иш ўринлари мавжудлиги);
  • фуқароларнинг жисмоний ва руҳий саломатлиги;
  • муҳим ҳаётий қарорларни қабул қилишдаги эркинлик;
  • кучли ва жўшқин ижтимоий кўмак;
  • ижтимоий ишонч, шу жумладан бизнес ва давлатнинг ҳалоллигига шубҳа қилмаслик.

Скандинавия мамлакатлари дунёда энг ривожланган таълим ва тиббиётга эга, айни пайтда улар энг бой, бахтиёр ва порахўрликдан йироқ мамлакатлар ҳисобланади. Бу мамлакатлардаги ҳокимият органлари бошқаларга нисбатан кўпроқ ижтимоий ишонч қозонган.

Давлатга бўлган ишонч даражасининг юқорилиги Скандинавия мамлакатларининг аҳолиси давлат уларни барча таҳдидлардан муҳофаза қилади, деб ҳисоблашларини билдиради. Ҳолбуки, бошқа, ҳатто ривожланган ва аксарият ривожланаётган мамлакатларда ҳам одамлар давлатдан ёки маҳаллий маъмуриятдан ҳимояга муҳтожликларини эътироф этадилар.

Муайян мамлакатдаги одамларнинг бахтли ҳаёт сари тутган йўли кенг ижтимоий интеграцияни тақозо этади. Бу эса, иқтисодий ривожланиш, яхши соғлиқ ва кучли ижтимоий сармоядан жамиятнинг барча қатламлари манфаатдор бўлишларини билдиради. Ижтимоий интеграцияга эришиш учун давлатлар масалан, хорижий инвесторлар каби бенефициарлар гуруҳи манфаатларини эмас, балки умумхалқ фаровонлигини кўзлаб ҳаракат қилишлари керак.

Урбанизация — бу бетондан қурилган баланд биноларни, савдо ва бизнес марказларини кўпайтириш жараёни эмас. Урбанизация жамият, одамлар, иқтисодиёт ва турмуш тарзи равнақ топишида шаҳарнинг аҳамияти ортишини билдиради. Шаҳарлар ижтимоий интеграцияни таъминлаши зарур. Шаҳарлар тўғри режалаштирилиши ва бу борадаги сиёсат улардаги турли ирқ, синф ва этник гуруҳларга мансуб одамлар самарали ҳамжиҳатликда, ижтимоий қатламни ўзгартириш учун катта имкониятларга эга бўлиб, юксак даражадаги ишонч асосида яшашларига олиб келиши лозим.

Кўп қаватли уйлар

10 февраль куни Гарвард университетида фанлараро конференция бўлиб ўтди. Конференция лойиҳалаштириш жараёнига ҳамда бу жараён билан жамият, корхона, давлат ва бутун тизим фаолияти орасидаги алоқадорлик масаласига бағишланди. Ушбу анжуманда иқтисодчилар, дизайнерлар, меъморлар, социологлар, шаҳарларни режалаш соҳаси мутахассислари ва ўз олдига одамлар ҳаётини яхшилашдек умумий мақсадни қўйган бошқа соҳаларнинг профессионаллари жамландилар.

Мен анжуманда эшитган биринчи маъруза кўп қаватли турар жойлар бир оилага мўлжалланган ва кам қаватли уйларга нисбатан жамият ва одамлар учун, уларнинг бахтиёрлик даражаси ва саломатлиги учун зарарли эканлиги ҳақида бўлди (қуйидаги фотосуратга қаранг).


Муаллиф олган фотосурат.

Ушбу ҳол Ўзбекистон шаҳарларидаги шов-шувли қурилишлар тўғрисида чуқур ўйга толишга мажбур қилади. 2007 йилда эълон қилинган «Кўп қаватли уйлардаги ҳаёт оқибатлари» мақоласида осмонўпар биноларнинг уларда яшовчиларга таъсири юзасидан олиб борилган 100га яқин тадқиқот шарҳи берилган. Бу тадқиқотларда баланд бинолар одамларнинг фаровонлиги ва руҳий саломатлигини яхшилаши ёки ёмонлаштириши масаласи таҳлил қилинган.

Тадқиқотлар ва шарҳларда осмонўпар бинолар, умуман олганда, уларда яшовчилар учун фойдали эмас, деган хулоса чиқарилган. Аниқланишича, бундай бинолар қўрқув, қониқмаслик, руҳий зарбаларга бардошлилик каби ҳиссиётларга таъсир кўрсатади, хулқ-атворда муаммоларни келтириб чиқариши, ижтимоий муносабатларни ёмонлаштириши, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларини кўпайтириши, болаларда эса, ривожланиш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Бундан ташқари, баланд бинолар мавжуд инфратузилма зўриқишига, транспорт билан боғлиқ муаммолар ўткирлашувига олиб келиши ҳамда шаҳарнинг меъморий қиёфасига зарар етказиши мумкин.


Муаллиф олган фотосурат.

Анжуманда таъкидланишича, кам қаватли биноларда ёки оилавий уйларда яшаётган одамлар қўшниларига кўп қаватли уйлардагига нисбатан икки баробар кўпроқ мамнуният билан кўмаклашадилар (юқоридаги фотосуратга қаранг).

Сингапурда 1960−1976 йиллар даврида кўп қаватли уйларда яшовчи одамлар сони 9%дан 51%га кўтарилди. Ўша даврнинг ўзида бутун аҳоли орасида баланд иморатлардан ўзини атайин пастга ташлаб, ҳаёт билан видолашувчилар 4 баравар кўпайди. Айни пайтда бошқа тарзда ўз жонига қасд қилиш ҳоллари камайди.

Кўп қаватли бинолар аҳолиси, айниқса агар булар ижтимоий турар жойлар аҳолиси бўлса, руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар олдида анча заифдирлар. Психологлар мазкур алоқадорликни 1970 йиллардан буён тадқиқ этиб келишаяпти. Шундай тадқиқотлардан бирининг кўрсатишича, кўп қаватли уйларда яшовчиларда руҳий касаллик белгилари бошқаларга нисбатан кўпроқ пайдо бўлар экан.

Бошқа одамлар, қўшнилар ва жамиятга дахлдорлик ва алоқадорлик ҳисси инсон саломатлиги ва бахтиёрлигининг муҳим элементлари ҳисобланади. Ўз оиласи ва дўстлари билан яқин алоқаларга эга бўлган инсонлар бу неъматлардан махрум кишиларга нисбатан ўртача 15 йил кўпроқ яшайдилар. Ишонч даражаси юқори бўлган шаҳарларда бахтиёрлик даражаси ва ЯИМ ўсиши ишонч даражаси паст бўлган шаҳарлардагига нисбатан анча юксак бўлиши кузатилади. Шаҳар муҳитида дарахтларни сақлаб қолиш нақадар муҳимлиги ҳақида жуда кўп ёзилган, лекин токи моторли арра овози тинмас экан, биз шу мавзуга қайта-қайта тўхталаверишдан чарчамаймиз.

Бинолар қанчалик тез бузилиб, янгилари нақадар тез қурилаётганлиги ташвиш уйғотмоқда. Шаҳарларнинг янги қиёфасини яратиш масаласи кўндаланг қўйилган ҳамда одамларнинг истагини ва меъморий қиёфани эътиборга олмасдан қурилишлар қилиш зарурати юзага келган бўлса, у ҳолда бўм-бўш турган ерда янги шаҳар қуриш осонроқ бўлмасмиди?

Бахтимизга, мамлакатимиз ҳудуди катта. Мавжуд хусусий уй-жойларни бузиб, шаҳарларнинг айни марказий қисмларида кўп қаватли бинолар қуриш ва сунъий мегаполислар барпо этиш зарурати йўқ. Гонконг, Сингапур, Нью-Йорк Манхэттени, Токио ва Сеул кўплаб баланд турар жойлардан иборат мегаполисларга атайин айлантирилмаган, балки ер майдонлари чекланган бўлгани учун шаҳарни тўғри режалаштириш йўли билан шундай қилинган.

Тарихда қурилиш соҳасидаги аччиқ сабоқлар етарли: Жакартада кўп ҳолларда лойиҳаловчилар билан шартномалар ҳар йили қайта кўриб чиқилади, узоқ муддатли лойиҳалар амалда учрамайди (худди Тошкентдагидек, шаҳарни узоқ муддатли ривожлантириш бош режаси йўқ), Бакудаги тарихий бинолар бузилиб, шаҳар кўнгилни хира қиладиган тусга кирган, Сан-Паулуда шаҳар маъмурлари камбағал шаҳарликларни чекка-чеккаларга кўчирган. Россиядаги уй қурилишига улуш қўшган пайчилар алданган пайтлар ҳам ҳали ўтмишга айлангани йўқ. Шуларнинг барчаси бизда юз беришини асло истамасдик.

Қўйинг-чи, агар урбанизация учун ер жуда танқис бўлиб қолган бўлса, одамларни, корхоналарни, мана энди энг йирик университетларни ҳам шаҳар ташқарисига кўчиришдан олдин вазирликлар, уларнинг бўлинмалари ва бошқа давлат бошқаруви органларининг биноларини шаҳар чегарасидан ташқарига олиб чиқиш тўғрисида ўйлаб кўрсак бўлармиди? Ахир ана шу биноларнинг ҳаммаси жуда кўп жойни эгаллаб турибди, бунинг устига шаҳарларимизнинг марказий қисмларида жойлашган. Кўпчилик, жумладан юқорида айтилган давлат органи вакили важ қилиб кўрсатаётган жаҳон амалиёти ҳам давлат аппарати ва маъмурият бинолари шаҳарнинг марказий қисмларидан ташқарига олиб чиқилаётганидан далолат бермоқда.


Манба: https://vvm1955.livejournal.com/1707043.html.

Ярим аср муқаддам ҳам Тошкент шов-шувли қурилишларни бошдан кечирган эди. Бироқ, ўша пайт билан ҳозиргисининг фарқи шундаки, у вақтда Тошкент қайта тикланаётган эди, ҳозир эса у ўзининг меъморий қиёфаси, кўп асрлик тарихи, бетакрор маданияти, эҳтимол ҳатто унда яшайдиган одамларидан ҳам маҳрум бўлмоқда. Ваҳоланки, ажнабий меҳмонлар, сайёҳлар айни шуларни деб мамлакатимизга келишаётган, кўрганларидан самимий ҳайратланишаётган эди.

Биринчи навбатда даволаниши керак бўлган касаллик

Иқтибос келтирилиши индекси бўйича жаҳондаги энг кучли иқтисодчи Андрей Шлейфер корпоратив бошқарув, ҳуқуқ ва молия, муомалавий ва институционал иқтисодиёт соҳаларига ихтисослашган. Мана унинг энг таъсирли тадқиқот ишидан парчалар:

«Мамлакатнинг соғлиқни сақлаш ва таълим каби соҳалардаги энг қимматли лойиҳаларига йўналтирилиши мумкин бўлган инвестициялар инфратузилма (қурилиш) сингари лойиҳаларга потенциал инвестициялар билан таққослаганда анча кам. Чунки қурилиш соҳасида коррупция учун имкониятлар кўпроқ».

«Коррупция, бундан ташқари, монополиялар сақланиб қолишига, бозорда янги иштирокчилар пайдо бўлишининг олди олинишига олиб келади ҳамда инновациялар ва иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилади. Шуниси диққатга сазоворки, коррупция ҳеч кимга билдирмасдан пора олиб бўлмайдиган товарлар импорти тақиқланиши ва осонгина пора олиш мумкин бўлган товарлар импорти рағбатлантирилишига ҳам олиб келади. Оқибатда, мамлакатда харид қилиш мумкин бўлган товарлар ва хизматлар турлари истеъмолчиларнинг талаби ёки технологик эҳтиёжлар билан эмас, балки коррупция имкониятлари билан белгиланади».

Энг асосий масала ҳақида

Қандай лойиҳалар биз учун ҳақиқатан ҳам муҳимлиги, ривожланиш лойиҳалари қандай самара бериши, биз қайси йўналишда ва қанча инвестиция жалб этаётганлигимиз, одамлар ўз давлатида қанчалик бахтиёрлиги ва бойлиги ҳақида фикр юритар эканман, мен давлат жамият олдида масъуллиги ва унга ҳисобот беришининг реал, соз ишловчи механизмлари ҳаммасидан муҳимроқ, деган хулосага келдим.

Биз шундай қилишимиз керакки, биз учун энг муҳим ҳужжатнинг қуйидаги икки сатри кундалик воқеликка айлансин:

«Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар».

Муаллифнинг фикри таҳририят фикрига мос келмаслиги мумкин.