Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 30 март куни соат тахминан 13:55 ларда Мирзо Улуғбек тумани, Сайрам кўчаси, 8а-уй, 6-хонадон ошхонасидан ушбу манзилда яшаган аёлнинг мурдаси қотиллик аломатлари билан топилган ва мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят Кодексининг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Тошкент шаҳар прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан деярли бир сутка ичида ўтказилган зарур тезкор-тергов ҳаракатлари натижасида жорий йилнинг 29 март кунидан 30 март кунига ўтар кечаси марҳума О.К. ўз хонадонида таниши А.А. билан спиртли ичимликлар истеъмол қилиб, кейинчалик ўрталарида келиб чиққан жанжал оқибатида фуқаро А.А. маст ҳолатда стол устида турган ошхона пичоғи билан марҳуманинг ўнг бўйин соҳасига уриб, қасддан ўлдириб, сўнгра ҳодиса жойидан яширинганлиги аниқланди, дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Шунга кўра, 2019 йил 1 апрель куни Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши бўйича А.А. ЖКнинг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, у ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланди.

Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов давом этмоқда, натижасига кўра, қўшимча ахборот берилади.