1 апрелдан Иқтисодиёт ва саноат, Маданият, Ички ишлар вазирликлари ва «Ўзавтосаноат» компанияси ходимлари ҳукумат мобил алоқаси фойдаланувчиларига айланишди, дея хабар қилди UMS оператори.

Кейинчалик давлат органлари, ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг ўз хизмат вазифаларини бажаришда тизимдан фойдаланиши мажбурий бўлган ходимлари рўйхатига кирувчи бошқа давлат хизматчилари ҳам ушбу алоқа билан босқичма-босқич таъминланади.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 13 декабрдаги фармонида 1 апрелдан давлат хизматчиларининг ҳукумат мобил алоқасидан фойдаланиши мажбурий этиб белгиланди. Ҳукумат мобил алоқа тизимини жорий этиш билан президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги шуғулланади, UMS эса ҳукумат алоқа оператори ҳисобланади.

Махсус ҳукумат мобил алоқаси фойдаланувчиларнинг махфийлиги, тезкорлиги, хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Уларга телефон кўнғироқлари, юборилаётган ва олинаётган маълумотларни ҳимояловчи, абонентларнинг шахсий маълумотларини очиқланишидан сақловчи ягона платформада хизмат кўрсатилади. Бундан ташқари, телекоммуникация хизматларига сарфланадиган буджет маблағларининг тежалишини таъминланади. Амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳажмини инобатга олган ҳолда тизим босқичма-босқич жорий қилинади.