7 апрелдан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Ўзбекистон шаҳарларидан Истанбулга ва ортга амалга оширилувчи рейсларини Отатурк номидаги халқаро аэропортдан Янги аэропортга (İstanbul Yeni Havalimanı) ўтказади, дея хабар қилди МАК матбуот хизмати.

Янги аэропорт Истанбулнинг Европа қисмидан 35 км шимолда жойлашган. 7 апрелдан Отатурк номидаги аэропорт йўловчи рейслари учун ёпилади.

Туркия Авиацион ҳукумати қарорига мувофиқ, 5−6 апрель кунлари Отатурк номидаги аэропортга/дан амалга оширилувчи барча халқаро рейслар бекор қилинади.

Шу муносабат билан МАК 5 апрель кунги HY271/272, HY273/274, HY275/276 ҳамда 6 апрелга мўлжалланган HY271/272, HY273/274 рейсларини бекор қилди.

Ушбу рейсларга чипта расмийлаштирилган йўловчиларга Uzbekistan Airways компанияси авиачипталар амал қилинувчи муддатлар чегарасида жарима тўловларисиз улар сотиб олинган жойларда пулни қайтариб олиш ёки учиш муддатини ўзгартириш имконини тақдим этади.

Авиакомпаниясининг эслатишича, Истанбулдаги Янги аэропортда жадвал бўйича учиш вақтига 1 соат, ҳаво кемаси бортига чиқиш эса 20 дақиқа аввал тугатилади.