«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ мунтазам равишда барча йўналишлардаги автобусларнинг ҳаракати, уларга бўлган талаб ҳамда йўловчилар оқимини мониторинг қилиб бормоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Шу асосда 2 апрелдан бошлаб «MAN» ва SAZ LE 60 русумли янги автобуслар ҳаракат тиғиз йўналишларга бириктирилди. Хусусан, «Қўйлиқ-1 ва Юнусобод-9» мавзелари оралиғида қатновчи 93-автобус йўналишида амалда ҳаракатланаётган транспортларга яна 5 та «MAN» русумли янги автобусларлар бириктирилди. Бу билан ушбу йўналишдаги жамоат транспортининг 80 фоизи янгиланди ва оралиқ масофа ҳаракат жадвалига мос бўлишига эришилди.

Бундан ташқари «Юнусобод-19 мавзеси ва Тошкент Халқаро аэропорти» оралиғида қатновчи 67-йўналишдаги эски «Исузу» русумли автобуслари ўрнига ўрта сиғимли SAZ LE 60 русумли янги автобуслар бириктирилди.

Шаҳар транспорт хизмати сифатини янада яхшилаш йўналишидаги ишлар давом эттирилмоқда.