Пойтахтдаги «Бек тўпи» савдо мажмуасининг собиқ директори Шукриллахон Эргашев 30 март куни ИИВ ЖИЭББга қарашли 1-сон тергов ҳибсхонасида (собиқ «Тоштурма») вафот этди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

2018 йилнинг августида Бош прокуратура иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар содир этгани учун Тошкент Савдо, хизмат кўрсатиш ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш департаменти ҳамда «Бек тўпи» ва «Ўрикзор» бозорлари, «Чорсу» ва «Чилонзор» буюм бозорлари, «Эски жўва», «Юнусобод» деҳқон бозорлари ва Сергели автобозори мутасадди раҳбарларига нисбатан жиноий иш қўзғатган эди.

Жумладан, сифатсиз маҳсулотларни сотиб олиш ва уларнинг бузилишига йўл қўйиш орқали давлатга 27,7млрд сўмлик зарар етказиш, бозорлар ҳудудида пулли хизматларни кўрсатишдан тушган 3 млрд сўмдан зиёд маблағларни инкассация қилмасдан ўзлаштириш, савдо нуқталарини сотишда тадбиркорлардан 2 дан 5 минг долларгача миқдоридаги ноқонуний мукофот пулларини олиш каби жиноятларда айбланган эди.

Айбланувчилар бири 57 ёшли Шукриллахон Эргашев 6 февралдан буён ҳибсхонанинг даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимида «Юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония-2, АГ-2, қандли диабет касаллиги 2-даражаси» ташхиси билан даволанаётган бўлган.

Шанба куни у ўткир миокард инфаркт, ўткир юрак қон томир ва ўпка етишмовчилиги ташхиси билан вафот этган, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Маҳбуснинг ўлими сабабларини аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган. Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича қамоққа олинганларни сақлаш ва жазони ижро этиш жойларида қонунларга риоя этилиши устидан назорат бўйича Тошкент прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«Шукриллахон Эргашев тергов жараёнида даволанди, унга нисбатан тайинланган экспертиза унинг терговга жалб этилиши эҳтимоллари тўғрисида хулоса берган, эҳтиёт чорасини ўзгартиришнинг қонуний асослари бўлмаган — 4 млрд сўмлик зарар қопланмаган. Айбланувчининг қариндошлари ва ўзи эҳтиёт чорасини ўзгартириш ёки етказилган зарарни қоплаш тўғрисида даъво киритмаган. Адвокатлар ва қариндошлари билан учрашишга тўсиқ бўлмаган», — дея маълум қилди Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова.

2018 йилнинг 12 ноябрь куни 1-сонли тергов ҳибсхонасининг тиббиёт бўлимида «Чилонзор буюм савдо мажмуаси» капитал қурилиш бўлимининг собиқ бошлиғи Дилшод Абдуллаев ўзини осган эди. У ҳибсга олинган бошқа бозор раҳбарлари билан бирга жиноят иши иштирокчиларидан бири эди.