Бухорода Эски шаҳар яқинида 225 млн долларга Bukhara City лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканали маълум қилди.

Bukhara City Mustahkam Qurilish Bizness компанияси томонидан туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда қурилади. Лойиҳа банк кредитлари жалб этилмаган ҳолда инвесторлар томонидан молиялаштирилади.

46 гектарлик майдон 32 лотга ажратилиб, улар ҳудудида кўп қаватли уйлар ва болалар майдончалари (310 минг кв. м), савдо марказлари (50 минг кв. м), банклар (10 минг кв. м), анжуман заллари ва кутубхоналар (10 минг кв. м), шунингдек ижтимоий объектлар (35 минг кв. м) жойлаштирилади.

Лойиҳани амалга ошириш орқали 6000 дан ортиқ иш ўринлари очилиб, 3000−3500 оила инфратузилмали шаҳарда турар жойлар билан таъминланади. Шунингдек, 3 та йирик савдо маркази, 8 та ижтимоий объект, 50 га яқин идора ва бизнес марказлари барпо этилади.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистонда „шаҳар ичидаги шаҳар“ тушунчаси кенг тарқалмоқда. Айниқса Бухоро учун янги қиёфа ва қулай шароитлар жуда муҳим, чунки шаҳарга ҳар куни минглаб сайёҳлар ташриф буюради, у тарихий жозибадорликдан ташқари, замонавий қиёфага ҳам эга бўлиши лозим», — дейилади дастурда.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига ташрифи вақтида Бухорони «саёҳатлар чорраҳаси"га айлантириш, шаҳар тарихи музейи, кўнгилочар муассасалар, ҳунармандчилик марказлари барпо этилиши, Бухоронинг эски шаҳар қисмида пиёдалар ҳудудларини ташкил этишни топширган эди.

Видео

YouTube орқали кўриш

Фото

Бухоро ҳокими Ўктам Барноев президент Шавкат Мирзиёевга лойиҳани тақдим этмоқда.