Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 2018 йил бошидан 9,5 фоизга ёки 1,5 млрд долларга ошган ҳолда 2019 йил 1 январь ҳолатига 17,3 млрд долларни ташкил қилди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида сўз боради.

Хусусий ташқи қарз салмоғи 7,2 млрд доллар ёки 42 фоиз, давлат ташқи қарзи 10 млрд доллар ёки 58 фоизни ташкил этмоқда. Хусусий сектор ташқи қарзи бош компаниялар томонидан тақдим қилинган қарздорликларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати кафолатисиз олинган ташқи қарздорликларни ўз ичига олади. Хусусий секторнинг ташқи қарзи бўйича маълумотлар тижорат банклари томонидан тақдим қилинади.

Хусусий ташқи қарзда нефть-газ ва энергетика сектори катта улушга эга — 5,3 млрд доллар ёки 75 фоиз. Ундан кейинги ўринда банк сектори бормоқда — 978,2 млн доллар ёки 15 фоиз.

2018 йилда давлат секторида қарздорлик 2,5 млрд долларга ўсган бўлса, хусусий секторда 977,3 млн долларга камайган. Бунда давлат ташқи қарзи янги қарздорликлар ҳисобига ўсишда давом этган.

Ўтган йили хусусий секторга жами 866,1 млн долларлик қарздорлик жалб қилинган. Қарздорликнинг 588 млн доллари банклар, 76 млн доллари нефть-газ ва энергетика корхоналари, 57 млн доллари — тўқимачилик корхоналари ва 145,1 млн доллари — иқтисодиётнинг бошқа секторлари томонидан жалб қилинган.

Умумий ташқи қарз ўзгаришлари таҳлили 2012−2015 йилларда ҳам давлат, ҳам хусусий қарз секторида қарздорликнинг ўсганини кўрсатмоқда. Бироқ 2016 йилдан бошлаб хусусий секторда мавжуд ташқи қарзларни қоплаш даражаси жалб қилинган қарздорлик миқдоридан ортиб боргани кузатилмоқда. Мазкур ҳолат 2019 йил сўнгига қадар давом этади.

Шунингдек, кўрилаётган давр учун хусусий ташқи қарз бўйича 1,3 млрд доллар миқдорда асосий қарз ва 366,6 млн доллар миқдорда фоиз тўловлари амалга оширилди, давлат ташқи қарзлари бўйича эса мос равишда — 397,7 млн доллар ва 151,3 млн доллар тўланди.