Андижон вилояти Булоқбоши туманида хитойлик ҳамкорлар томонидан янги цемент заводининг қурилиш ишлари бошлаб юборилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Мазкур қурилиш президентнинг 2017 йил 20 июлдаги «Андижон вилоятининг Булоқбоши туманида цемент заводи қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Хитойнинг цемент соҳасида кучли 10 таликка кирувчи «Zhejiang Shangfeng Building Materials Co., Ltd», «Zhejiang Tongli Heavy Machinery Co., Ltd.» ва «Beijing Triumph International Engineering Co., Ltd» компаниялари билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда. Мазкур лойиҳага асосан 2019 йил охиригача 15 миллион доллар ўзлаштириш белгиланган.

— Ҳозирда ҳамкорларимизнинг техникалари билан иш бошлаганмиз, — дейди «Beijing Triumph International Engineering Co., Ltd» компанияси директор ўринбосари Цао Ю Бо. — Бугунги кунда Ўзбекистон ҳукумати компаниямиз томонидан кириб келадиган техникаларнинг муддат ва божхона имтиёзларини кўриб чиқмоқда. Шу жараённи охирига етказиб, бу йилги инвестиция миқдорини 55 миллион долларга етказмоқчимиз. Андижон вилояти Булоқбоши тумани ва Фарғона вилояти Шўрсув шаҳарчасида олиб бораётган лойиҳаларни амалга ошириш натижасида цемент миқдорини Фарғона водийсида 4 миллион 200 минг тоннага олиб чиқишни режалаштирганмиз.

Булоқбоши туманида қурилаётган янги цемент заводи мукаммал лойиҳалардан бўлиб, у экологик жиҳатдан ҳам халқаро талабларга тўла жавоб беради. Иккинчидан, ишлаб чиқариш жараёни давомида пайдо бўладиган атроф-муҳитга зарар етказувчи чиқиндиларнинг салбий таъсирини йўқотиш мақсадида бу ерда ўрнатилаётган технологиялар энг сўнгги русумдагиси бўлиб, ҳавога ҳеч қандай чанг чиқармайди, экологияни бузмайди. Мазкур қўшма корхонага ўрнатилаётган ҳаво тозалаш фильтрларини ўзига 12,5 миллион доллардан ортиқ маблағ сарф этилаётгани ҳам уни экологик жиҳатдан пухта лойиҳа эканлигини билдиради.