Самарқанд вилоятида яшовчи Камолбой Сатторов (исм-фамилиялар ўзгартирилди) эллик беш ёшида суднинг курсисига ўтиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судининг судьяси Даврон Нуралиев «Газета.uz"га маълум қилди.

Воқеа 2018 йилнинг 24 июнь куни рўй берди. Эрталаб Камолбой дўстлари билан наҳорги ошга бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилди. Соат тўққиз яримларда Камолбой маст ҳолатда укаси Зайниддиннинг ҳовлисига борди. Маҳаллада электр энергиясидан бўлган қарздорликни ўрганиш мақсадида мажбурий ижро бюроси туман бўлими ходимлари мониторинг ўтказишаётганди. Мажбурий ижро бюроси туман бўлими давлат инспектори Ғ. Саимов Зайниддин Сатторовнинг ҳам ҳовлисига келди.

Ғ. Саимовнинг мониторинг мақсадидаги ҳаракатлари Камолбойга ёқмади. У жаҳлини жиловлай олмай ўз хизмат вазифасини бажараётган Ғ. Саимовни ножўя сўзлар билан ҳақоратлай бошлади.

Қўлидаги шафтолини давлат инспекторининг юзига қарата отди. Бу ҳам етмагандек, унга ташланиб, чўнтагини йиртиб юборди. Шу тариқа хизмат вазифасини бажараётган ходимнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан таҳқирлади. Эртаси куни кайфи тарқаган Камолбой жабрланувчи Ғ. Саимовдан узр сўради.

Суд судланувчи К. Сатторовни қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлиги, муқаддам судланмаганлиги, етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, жиноятни маст ҳолатда содир этганини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топди. К. Сатторовни Жиноят кодексининг 140-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан унга икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлади.



,