Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва коммуникациялар агентлигида «Нашриётлар фаолияти: бугунги китобхон эҳтиёжини қондиришнинг долзарб масалалари» мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

«2018 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 155 та нашриётга лицензия берилган, — деди Нашриёт-матбаа соҳасини ривожлантириш бўлими бош мутахассиси Муҳиддин Омонов. — Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича марказ (аввалги Мониторинг маркази) ва унинг минтақавий бўлимларига 2018 йилда Ўзбекистон Республикасида чоп этилган 2322 та китобнинг мажбурий нусхалари тақдим этилган. Мазкур китоблар мониторинги натижасида йил давомида 351 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган».

Китобларда:

ҳақиқатга тўғри келмайдиган, нотўғри маълумотлар тарқатиш («Сурхон-нашр», «Хоразм», «Қувончбек-Машҳура» ва бошқа нашриётлар);

ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий талабларига риоя қилмаслик («Ижод пресс», «Юрист медиа маркази», «Зарафшон» ва бошқа нашриётлар);

имловий-услубий хатоларга эътиборсизлик («Янги аср авлоди», «Ноширлик ёғдуси», Ғафур Ғулом номидаги ва бошқа нашриётлар);

диний адабиётларни босмадан чиқаришда сифатдан кўра, сонни устун қўйиш (Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси) тенденцияси сақланиб қолаётгани маълум қилинди.

2018 йилда нашриётлар томонидан энг кўп эътибор қаратилган муаллифлар ўнлиги:

1. Ўткир Ҳошимов,

2. Абдулла Қодирий,

3. Ғафур Ғулом,

4. Азамат Қоржовов,

5. Чўлпон,

6. Ойбек,

7. Тоҳир Малик,

8. Нурали Қобул,

9. Набижон Ҳошимов,

10. Худойберди Тўхтабоев.

Агентлик бош мутахассиси Муҳиддин Омоновнинг айтишича, 2018 йилда назорат нусхалари тақдим этилган китобларнинг 48 фоизини бадиий адабиётлар ташкил этади, болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма маҳсулотлар кўлами эса 4 фоизга ҳам етмайди.

Семинарда миллий китоб бозорида бир неча марталаб қайта нашр этилаётган ёки бир нашриётнинг мулки бўла туриб, бошқа нашриёт томонидан ҳуқуқий ворисликка риоя қилинмай чоп қилинаётган асарлар учраётгани қайд этилди.

Агентик мутасаддилари бундай китоблар таржима асарлар сотилиб кетишига қараб қайта-қайта чиқарилаверишини билдирди. Ҳеч ким китобхон эҳтиёжини янги замон руҳи билан суғорилган оригинал китоблар яратиш йўли билан қондириш устида бош қотирмайди.

«Даромад бўлса бас, қолгани билан нашриётларнинг бош оғритгиси келмайди, — деди Муҳиддин Омонов. — Бу ўта жиддий муаммо аввало китобхоннинг замон руҳи, ўтиш даврига хос инсоний муносабатлар, кишилар тақдирини ифодаловчи, қолаверса, миллий қаҳрамон образи яратилган юксак савияли бадиий асарларга бўлган эҳтиёжини қондириш билан боғлиқ».

Бу борада:

ноширлар билан ижодкорлар ўртасида ҳамкорликнинг етишмаслиги;

нашриётларнинг ёзувчи ва шоирлар билан шартнома асосида буюртма асарлар яратилишига туртки берилмаётгани қораланди.

Ҳудудий нашриётлар томонидан ёш ҳаваскор-ижодкорларнинг машқларини ота-оналар ҳомийлигида 100 нусхадан нашр этилаётгани танқид қилинди.

«Бу ташвишли ҳол, — деди Муҳиддин Омонов. — Бу ҳолат болаларимизнинг тарбияси, ўз устида ишлашига салбий таъсир кўрсатади».

Ноширлик фаолиятида мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва соҳани такомиллаштириш юзасидан қуйидаги таклифлар билдирилди:

янги таҳрирдаги «Ноширлик фаолияти тўғрисида"ги Ўзбекистон Респрубликаси Қонуни қабул қилинишини тезлатиш;

нашриётларнинг агентлик билан тузилган лицензия битимига риоя этишларини қатъий назорат қилиб бориш;

нашриёт мутахассислари, айниқса, муҳаррирларининг малакасини ошириш чораларини кўриш.