Қашқадарё вилояти Китоб тумани Гулистон маҳалласида янги усти ёпиқ сув иншооти, баскетбол майдончаси, сунъий қопламали футбол майдони ҳамда теннис корти фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барпо этилган объектнинг очилиш маросимида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, спортчилар, ёшлар, журналистлар иштирок этишди.

Мазкур спорт иншоотларини қуриш учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 6,8 миллиард сўм ажратилди. Усти ёпиқ сув иншооти таркибида 11×25 метр ўлчамдаги бассейн, мураббийлар, шуғулланувчилар учун ювиниш, кийиниш, дам олиш, тиббиёт хоналари, сувнинг таркиби, сифати назорат қилинадиган лаборатория ҳамда томошабинлар учун ўриндиқлар мавжуд.

Бундан ташқари, мавжуд теннис корти капитал реконструкция қилиниб, 22×42 ҳажмли мини-футбол майдони ва баскетбол майдончаси янгидан қуриб фойдаланишга топширилди. Бу ерда ҳам ювиниш, кийиниш, дам олиш, тиббиёт хоналари мавжуд.

Спорт мажмуаси атрофи ободонлаштирилиб, мусиқали фаввора ҳам бунёд этилди.

Китоб тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби ихтиёрига берилган мазкур иншоотда бир кунда 500 нафардан ортиқ ўғил-қиз сузиш, футбол ва баскетбол сирларини ўрганиши учун шароитлар яратилган. Эътиборлиси, болалар ва ўсмирлар спорт мактабига жамғарма томонидан 45 номдаги 400 миллион сўмлик жиҳозлар ҳам топширилди.