Бухоро вилоятининг Вобкент, Ромитан ва Бухоро туманлари ҳокимлари Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29−30 март кунлари ташрифидан сўнг ўзгарди. Бу ҳақда вилоят маъмурияти матбуот хизмати хабар қилди.

Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев иштирокида кўрсатиб ўтилган туманлар халқ депутатлари Кенгашларининг навбатдан ташқари сессияларида ташкилий масалалар кўриб чиқилди.

Вобкент туманини 2009 йилдан буён бошқариб келаётган Асқар Назарович Жаводов вазифасидан озод этилди. Пешкў тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Бафоев Баҳодур Саноевич вақтинчалик туман ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

2018 йил май ойидан буён вақтинчалик Ромитан ҳокими вазифасини бажариб келаётган Ҳалимов Бахриддин Шамсиевич ўрнига Ромитан ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалаларибўйича биринчи ўринбосари Тоҳиров Хуршид Яҳёевич янги ҳоким бўлди.

Бухоро туманини 2016 йилдан буён бошқариб келаётган Эсанов Муҳиддин Турдиевич бошқа лавозимга ўтгани сабабли лавозимидан озод қилиниб, ўрнига Дўстов Қахрамон Бозорович Бухоро тумани ҳокими этиб тайинланди.

Шунингдек, 2014 йилдан буён Бухоро давлат университети ректори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Абдуқобил Абдунабиевич Тўлаганов вазифасидан озод этилди. Унинг ўрнига Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг собиқ проректори (2017−2019) иқтисодиёт фанлари доктори Обиджон Хафизович Ҳамидов тайинланди, дея хабар қилди БДУ маъмурияти ходими.

Бухоро муҳандис-технологик институтини бошқариб келаётган техника фанлари доктори Улуғбек Турғунович Муҳамадхонов ишдан бўшатилди. Унинг ўрнига тайинловга қадар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида фаолият кўрсатган Нусратулло Ражабович Баракаев тайинланди. У 2014−2015 йилларда Гулистон давлат университети ректори вазифасини ҳам бажарган.