Аҳоли билан бевосита ва очиқ мулоқотни таъминлаш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни жойида бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш мақсадида жорий йилнинг 2−3 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси бош прокурори Бухоро вилоятида сайёр қабул ўтказади. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, 2019 йил 2 апрель куни Жондор тумани мусиқа ва санъат мактаби биносида Қоракўл, Олот, Жондор, Пешкў, Ромитан, Шофиркон ҳамда Бухоро туманлари аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилади.

Жорий йилнинг 3 апрель куни эса Когон шаҳар ҳокимлиги биносида Бухоро ва Когон шаҳри, шунингдек Когон, Ғиждувон, Вобкент, Қоровулбозор туманлари аҳолиси учун сайёр қабул бўлиб ўтади.

Бош прокурор қабулига киришни хоҳлаган фуқаролардан айнан қайси масалада мурожаат қилиш истагида эканликлари ҳақида имконият даражасида аввалдан Бухоро вилояти прокуратурасига 65−221−70−23 телефон рақами орқали мурожаат қилишларини сўраймиз. Бу мурожаатингизни манзилли ўрганиш ва жойида ҳал этиш имконини яратади, дейилади матбуот хизмати хабарида.