28 март куни тахминан 7:30 да Қорақалпоғистоннинг Хўжайли тумани Шодлик кўчасидаги уйда бир оиланинг тўрт аъзоси жасадлари топилди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Она (1995 йилда туғилган) У. Т. Ва унинг уч ойлик ўғли И. К. (2018) 3−4 метр чуқурликдаги айлана шаклдаги қудуқ ичидан ўлик ҳолда топилган. Яна икки нафар М. К. (2017) ва И. К. (2015) уй ичкарисидаги ётоқхонада ўлик ҳолда топилган.

Суд-тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, У.Т. ва унинг вояга етмаган фарзанди Х.И. нафас йўлларига сув тиқилиши оқибатида, М.Х. ва Х.И. нафас йўллари бўғилиши оқибатида вафот этганлиги кўрсатилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан 28 март куни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Терговнинг бориши устидан Бош прокуратуранинг алоҳида назорати ўрнатилган.

Ҳозирда қотиллик содир этган шахсни аниқлаш бўйича барча зарурий тезкор-тергов чоралари кўрилмоқда.