Ҳукумат қарорининг 2019 йил 28 март куни билан Ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Низомга мувофиқ, ижтимоий эҳтиёжманд оилаларнинг иқтидорли фарзандларини узлуксиз таълим олишини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгашлар томонидан амалга оширилади.

Болаларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари ва маҳаллалар ҳар йили 1 июнгача идоралараро кенгашларга ёзма тавсия билан бирга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этади:

ўқувчиларнинг ютуқларини тасдиқловчи ҳужжатлар (мавжуд бўлганда);

ўқувчи ва оила аъзоларининг паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхалари;

ногиронликни тасдиқловчи ҳужжатлар нусхаси (мавжуд бўлганда);

боқувчисини йўқотганлик тўғрисидаги ҳужжат нусхаси (мавжуд бўлганда).

Ҳужжатлар ҳар йили 10 июнгача идоралараро кенгашлар томонидан кўриб чиқилади ҳамда 15 июнга қадар вилоят кенгашларига тақдим этилади.

Қўллаб-қувватлаш бўйича қарор ҳар йили 30 июнга қадар қабул қилинади.

Ўқувчилар қуйидагилар билан таъминланади:

замонавий ягона мактаб формаси;

асосий турдаги ўқув қуроллари;

бадиий китоблар.

Шунингдек, ўқувчиларга газета ва журналларга обуна бўлишда амалий ёрдам кўрсатилади ҳамда уларнинг республика оромгоҳларида дам олиши ва саёҳатлар ташкил этилади.