Сурункали ёғингарчиликлар оқибатида Самарқанддаги кўплаб туманларда кўча ва пиёдалар йўлаклари, жумладан Буюк Ипак йўли, Афросиёб, Қошғарий, ир Саид, Оби Раҳмат, Муқимий, Ўзбекистон, Амир Темур, Конимех ва Мулён-Сочаки кўчаларида ариқлардан сув тошиб чиқиши кузатилди, дея хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати. Ушбу кўчаларнинг катта қисми шаҳар марказида жойлашган (видео).

Юзага келган вазиятни бартараф этиш тадбирларига вилоят Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ёнғин хавфсизлиги бошқармалари, шунингдек, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги, Ободонлаштириш бошқармаси, вилоят «Сувоқава» ДУКнинг шахсий таркиби ва махсус техника воситалари жалб этилди.

Темир йўл яқинида поездлар ҳаракати тўхтаб қолмаслиги учун экскваторлар атрофдаги ерларни мустаҳкамлаш ишларини олиб бормоқда. Қутқарувчилар йўлларда тўхтаб қолган ҳайдовчилар ва сув босган хонадонларда яшовчи фуқароларга ёрдам кўрсатмоқда. Бу ишларга 50 дан ортиқ техника ва 631 нафар ходим жалб қилинган.

ФВВдан «Газета.uz"га хабар қилинишича, қурилиш чиқиндилари шаҳар ирригация тармоқларини қисман тўсиб қўйган.

«Самарқандда Тошкентдаги каби улкан қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Ирригация тизимида қурилиш чиқиндилари билан тўлиб қолган ерлар бор. Бундан ташқари, аҳолининг маиший чиқиндилар билан нотўғри муомаласи оқибатида ҳам канализация тўлиб қолган», — дея изоҳ берди ФВВ.

«Олдинда ёмғирлар мавсуми. Ўтган йили Самарқандда бир ярим соатда бир ойлик ёғингарчиликлар ёққан эди. Сурункали ёғингарчиликларга ирригация тизими дош бера олмайди. Жорий йилда ҳам, эҳтимол, худди шундай бўлади», — деди ФВВ вакили.

Фото

Фото: Евгений Романенко / Facebook`даги «Я — Самаркандец» гуруҳи

Фото: ФВВ.