Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси порталига «Умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф битирувчиларига касб малакаси дипломини бериш тартибини тасдиқлаш тўғрисида"ги Халқ таълими вазирининг буйруқ лойиҳаси жойлаштирилди.Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳужжат Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 868-сон «Умумий ўрта таълим муассасаларининг 10−11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан тайёрланган.

Ушбу буйруққа асосан 11-синф битирувчиларининг Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида малака талабларини бажарган ўқув-дастурларида белгиланган билимларни ўзлаштирган ўқувчиларга давлат намунасидаги касб малакаси дипломи берилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, мазкур ҳужжат лойиҳасига кўра ўқув-ишлаб чиқариш мажмуасини муваффақиятли тамомлаган битирувчига меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи оддий ёки аъло даражали касб малакаси дипломи берилади ҳамда мазкур диплом битирувчининг қайси ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари касб-ҳунар ўрганишидан қатъий назар ўзи таълим олаётган умумий ўрта таълими мактаби директори томонидан берилиши белгиланган.

Умумий ўрта таълим муассасалари 10−11-синфлари ўқувчиларига касбий таълим беришга ихтисослашган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари:

ўқувчиларга махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган касб-ҳунар ўргатиш;

шу касб бўйича ижодий фикрлайдиган, ташкилотчилик ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган шахсни тарбиялаш;

ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунар танлашда кўмаклашиш мақсадида ташкил этилган.