Жорий йилнинг 25−28 март кунлари Ўзбекистон мудофаа вазирининг ўринбосари — Қуролли Кучлар академияси бошлиғи генерал-майор Азизбек Икрамов бошчилигидаги ҳарбий делегация Беларус Республикасининг Ҳарбий академиясида расмий ташриф билан бўлди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Икки мамлакат олий ҳарбий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтган мулоқот давомида, Ўзбекистон-Беларус ҳарбий билим юртлари ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинди.

Учрашув якуни бўйича томонлар ўртасида профессор-ўқитувчи кадрларнинг малакасини ошириш, юқори малакали илмий ва илмий педагогик кадрларни тайёрлаш ва ҳарбий санъатнинг долзарб муаммолари бўйича ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш ва уларнинг натижалари бўйича ҳарбий-илмий (илмий-амалий) анжуманларни ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича баённома имзоланди.

Ташриф давомида Ўзбекистон ҳарбий делегацияси вакиллари Беларус Ҳарбий академиясида ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, курсантларнинг сифатли таълим олиши, яшаши ва мазмунли ҳордиқ чиқариши, шунингдек ҳарбий-илмий тадқиқотлар билан шуғулланиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди.