Тасаввур қилинг, энергетика вазири энди Ўзбекистон аҳолисининг ҳар бири ўз шахсий эхтиёжлари учун давлат бюджетидан нафақа олишини эълон қилди. Лекин бунинг бир шарти бор: одам қанча бой бўлса, у оладиган нафақа миқдори ҳам шунча кўп бўлади ва аксинча, одам қанча камбағал бўлса, унга бериладиган нафақа ҳам шунча оз бўлади. Агар у жуда-жуда камбағал, ҳатто бошпанасиз яшаётган бўлса, у оладиган нафақа миқдори ҳам шунга яраша — амалда нолга тенг бўлади. Башарти одам жуда бой бўлса, нафақа миқдори ойига бир неча миллион сўмга боради.

Бундай эълонга жамоатчилик қандай қарашини тасаввур қилиш қийин эмас. Менда сизлар учун нохуш хабар бор: гарчи ҳеч ким оммавий тарзда бундай эълон қилмаган бўлса ҳам, амалдаги воқелигимизнинг ўзи шундай. Мана бир неча ўн йиллардирки, биз шундай «жамоат шартномаси» асосида яшаяпмиз ва унга кўра мамлакатимизнинг бадавлат кишилари камбағалларга нисбатан қиёслаб бўлмас даражада кўпроқ нафақа олишмоқда.

Гап ўзи нима ҳақида бораяпти?

Бу ўринда гап энергетик субсидиялар ҳақида. Деярли барча энергия манбалари солиқ тўловчиларнинг маблағлари ҳисобидан субсидияланади. Бензин ҳам, электр энергияси ҳам, табиий газ ҳам «ҳақиқийси»дан паст нархда сотилаяпти, нархдаги тафовут эса, солиқ тўловчиларнинг пуллари ҳисобидан қопланмоқда.

Давлат корхоналарининг хусусан ўзига хос омиллари, умуман эса, паст самарадорлиги билан боғлиқ бўлган энергетика компанияларининг сийқа самарасизлигидан ташқари, мазкур муаммонинг кўплаб қайғули оқибатлари мавжуд. Келинг, сўзимизни мақоланинг бош ғояси, яъни ушбу чораларнинг регрессивлигидан бошлай қолайлик.

Субсидиялар қўлланилганда камбағалларга нисбатан бойлар кўпроқ пул олишининг сабаби нима?

Шу ўринда уч кишининг ҳаёти тўғрисида сўз юритмоқчиман. Булар: Анвар, Ботир ва Вали. Анвар мактабда хўжалик мудири бўлиб ишлайди ва ишга автобусда қатнайди. Уй билан ишхона орасидаги масофа атиги 5 километр бўлишига қарамай, Анвар ишга етиб боришга ярим соат сарфлайди. Анвар камдан кам ҳоллардагина таксига ўтиради, чунки бу анча қиммат, лекин у баъзан бозордан олган харидларини келтириш учун ёки бирон жойга жуда шошилаётганида киракашлар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлади. Айтайлик, у киракаш «Матиз»да ҳафтасига 20 километр юради. Агар Анвар ҳафтасига олти кун ишлайдиган бўлса, автобусда 5*2*6=60 км ва автомобилда 20 км юради.

Агар автобус ёнилғиси ва бензин сарфини литрда ҳисобласак, Анварнинг улушига автобусда 3 л/40 (йўловчиларнинг ўртача сони) ва таксида 2 литр тўғри келади. Натижада Анвар ҳафтасига 2,5 литрдан камроқ ёнилғидан фойдаланади.

Ботир компания директори бўлиб ишлайди ва ўзининг катта йўлтанламасида ҳар куни ишга боради, дам олиш кунлари эса — шаҳар ташқарисига чиқади. Ботир ҳафтасига 400 км юради. Йўлтанламас 100 километр масофага 20 литр бензин сарфлашини ҳисобга олсак, демак Ботир ҳафтасига 80 литр бензин ёқади.

Вали — бадавлат ишбилармон. Валининг турли русумдаги тўртта автомобилидан ташқари, унга тегишли корхонанинг 40та енгил ва юк автомобили бор.

Келинг энди шу учовининг қай бири бюджетдан субсидияларни кўпроқ олишини таққослаб кўрайлик.

Яққол кўриниб турибдики, одам қанча кўп бензин ишлатса, шунча кўп субсидиялар олади. Ушбу мисолда камбағал одам бюджетдан оладиган субсидиялар бой киши оладиганидан 8,13 млн сўм кам. Албатта, бу фақат фаразга асосланган мисол, жадвалдаги рақамлар ҳам ким қанча ишлатишига қараб ўзгариб туради.

Лекин хулоса аниқ: бойлар камбағалларга нисбатан анча кўп бензин сарфлашади ва тегишлича давлатдан оладиган пуллари ҳам камбағалларникига нисбатан беқиёс даражада кўп. Устига-устак, мамлакат аҳолисининг аксарият кўпчилиги автомобилга эга эмаслиги (2 миллионта автомобиль) эътиборга олинса, бензин учун субсидиялар, бу — чинакам камбағаллик солиғи.

Газ ёки электр энергияси учун субсидияларни ҳам худди шу тарзда ҳисоблаб чиқиш мумкин. Газ ва электрдан фойдаланиш ҳажми кўп жиҳатдан одамларнинг даромадига боғлиқ: кимнингдир уйи — бир хонали квартира ва у ерда олтита чўғланма чироқ ишлатилади, бошқа бировнинг уйи — ҳовли ва у ерда суви электр билан иситиладиган ҳовуз бор. Бадавлат одам пул эквивалентида анча кўп субсидия олади. Бу фарқ одатда бир неча минг баробар каттароқ бўлади.

Эҳтимол кимдир: «Бойлар субсидиялардан кўпроқ фойдаланишга ҳақли, чунки улар кўпроқ солиқ тўлайди», — деган фикрга борар… Ижозатингиз билан, нима сабабдан субсидиялар рағбатлантиришнинг ёмон тури эканлигини изоҳлаб берсак.

Аксарият иқтисодчилар энергия ресурслари учун (қолаверса, бошқа товарлар учун ҳам) субсидиялар ажратилишига қарши. Чунки субсидиялар иқтисодиётда ресурслар нотўғри тақсимланишига, аниқроғи, истеъмол ҳаддан зиёд кўпайишига олиб келади.

Башарти давлат бойларни рағбатлантиришни истаса, масалан пуллар нақд шаклда берилиши ҳам барибир иқтисодий имтиёзлар ҳажмини камайтирмайди. Зеро пуллар трансферти, бу бор йўғи уларни қайта тақсимлашдир. Бироқ, агар шу иш субсидиялар орқали амалга оширилса, у ҳолда иқтисодиёт ҳажми қисқаради. Яъни, агар давлат бойларни «рағбатлантириши» шу қадар зарур бўлса, нақд пул бериш арзонроқ тушади.

График шаклида бу қуйидагича кўринади:

Ушбу графикнинг мантиқи қуйидагича: истеъмолчилар бензинни керагидан ортиқроқ истеъмол қилишади, чунки бензиннинг реал нархи билан истеъмолчи тўлаётган нарх ўзаро тенг эмас. Бошқача қилиб айтганда, агар давлат ўша субсидияларнинг ўзини нақд пулда берганида, нарх эса эркин белгиланганда истеъмол ҳажми камроқ бўларди. Субсидиялар қўлланилганда солиқ тўловчилар кўрадиган зарар истеъмолчилар ва ишлаб чиқарувчилар кўрадиган зарардан кўра кўпроқ бўлиши математик йўл билан исботланиши мумкин.

Қолаверса, энергия ишлаб чиқариш экстерналияларга (ташқи таъсирларга) эга: ҳаво ва ҳаёт сифати ёмонлашади. Агар субсидияларни шу нуқтаи назардан таърифлайдиган бўлсак, у қуйидагича ифодаланиши мумкин: давлат бойлар томонидан атроф-муҳит ифлосланишида ҳомийлик қилиб, айни пайтда аҳолининг кам таъминланган қатламларига солиқ солади.

Айниқса бойлар билан камбағалларнинг даромадлари орасидаги тафовут ҳаддан зиёд катталиги, мамлакат эса анчагина камбағаллиги эътиборга олинса, бундай ҳолат ғоят қайғулидир. Яъни, имкониятлар орасидаги мавжуд тенгсизликни бартараф этиш устида ишлаш ўрнига, биз камбағал одамлар қўлига минг баробар камроқ имкониятлар бераяпмиз.

Устига-устак, шу субсидиялар шарофати билан мамлакатдаги энергия ресурсларининг етишмовчилиги таҳликали даражада. Ҳолбуки, аҳолининг бир қисми, асосан пойтахтда яшовчилар арзонлаштирилган ёнилғи ва электр энергиясидан узлуксиз фойдаланаётган бир пайтда деярли барча минтақаларда бу ресурсларни етказиб беришдаги кечикишлар ва тақчиллик одатий ҳолга айланган. «Бу уйда электр токи борми?» деган савол баъзи минтақаларда ҳеч кимни ажаблантирмайди. Фарғона водийсида эса, ҳайдовчилар ҳар куни газ ёки бензинга навбат кутиши одат тусига кирган.

Назарий жиҳатдан, бозор иқтисодиётида тақчиллик бўлиши мумкин эмас: нарх доимо товарнинг қадрини акс эттиради.

Бизнинг ҳолатда, агар биз энергия ресурсларининг нархини эркин қўйиб юборсак, мамлакатда электр токи бўлмаган ёки бензин сотиб олишнинг имкони топилмайдиган биронта ҳам қишлоқ қолмайди.

Бундай йўл тутилиши ота-онаси алмисоқдан қолган усулда таом пиширишга урингани учун икки яшар чақалоқ тириклайин ёниб кетгани каби даҳшатли ҳолатларнинг олдини олиш имконини беради. Тўғри, энергия ресурсларининг нархи ҳамма жойда ҳар хил бўлади, балки ҳатто нархлар мавсумга ҳам боғлиқ бўлар, лекин у ҳамиша ва ҳамма жойда мавжуд бўлади.

Демак, «Ўзбекэнерго»нинг пойтахт аҳолисини электр энергияси олис қишлоқларга ҳам етиб бориши учун уни тежаб ишлатишга даъват қилувчи қуруқ ваъдалари ўрнига давлат бор-йўғи субсидияларни тўхтатиб, сотув бозорини тарк этиши кифоя экан. Шунда газни ҳам, электр энергиясини ҳам, бензинни ҳам барча одамлар сотиб олиш имконига эга бўлади, бозор эса, энергияни исроф қилувчиларни бир зумда «тарбиялаб қўяди». Мабодо кимдир уни орқа-олдига қарамай исроф қилиб ишлатса ҳам, бунинг учун ўзи ҳақ тўлайди. Ахир биз китобга ёки пайпоқ сотиб олишга пулни аямай сарфлайдиганларни айбламаймиз-ку. Башарти субсидиялар бўлмаса, «исрофгар» ёки «ортиқча истеъмол қилиш» каби сўзлар ўз маъносини йўқотади.

Майли, субсидиялар ёмон бўла қолсин, лекин иқтисодиёт учун бу шунчалик фожиалими? Субсидиялар қанчалик зарар келтириши мумкин?

Халқаро энергетика агентлигининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2017 йилда энергетика бўйича субсидияларга 5,237 млрд. доллар сарфлаган. Қиёслаш учун: 2018 йилда таълим соҳасига бюджетдан 2,43 млрд. доллар (19504,3 млрд. сўм) сарфланган.


Яъни, биз энергияни субсидиялаш учун йилига сарфлаётган маблағ жами 5184000 нафар мактаб ўқувчиси ва 2450000 нафар боғча тарбияланувчисининг таълими учун ажратилаётганига нисбатан икки баравардан зиёд (!) кўп. Ёки, бу субсидиялар миқдори бутун мамлакат аҳолисининг соғлиғини сақлашга сарфланаётганидан 4 баравар (!) ёхуд илм-фан учун ажратаётганимиздан 100 (!) баравар ортиқ.

Бюджет маблағлари қайси йўналишда сарфланиши фақат иқтисодчилар шуғулланадиган масала эмас. Бу масалани мамлакат парламенти ҳал қилиши керак. Албатта, агар парламентда давлатнинг сарф-харажатлари билан шуғулланишса, ёмон бўлмасди. Мен фискал интизом масаласига жиддий қарайдиган парламент ҳақида доимо орзу қилганман.

Субсидиялар келтириб чиқарадиган муаммо маблағлар кераксиз томонга сарфланаётганида эмас, балки биз бюджет маблағларини сарфлаб, айни пайтда иқтисодиётга зиён етказаётганимиздадир. Бошқача қилиб айтганда, худди шу маблағларни сарфлаш жоизроқ бўлган соҳалар борлиги ўз йўлига, лекин бу маблағлар субсидияларга сарфланаётганлигининг ўзиёқ мамлакат иқтисодиётига катта зарар етказиб, тенгсизликни чуқурлаштираётганлиги ачинарли ҳол, демоқчиман.

Фикримча, субсидияларни бекор қилиш ва кейин жамият тежалган пулларни қаёққа сарфлашни маъқул кўришини ҳал қилиш мақсадга мувофиқ бўлур эди. Ҳатто, тежалган маблағларни нақд шаклда берса ҳам бўлади.

Шуниси ғоят диққатга сазоворки, Ўзбекистон аҳоли жон бошига сарфлаётган субсидиялар ҳажми Россиядагидан ҳам кўп. Ҳолбуки, Россия аҳолисининг даромадлари биздагидан бир неча баравар юқори. Жанубий Корея эса, бундайин зарарли «машқ»ларга бир тийин ҳам сарфламайди.

Субсидиялар бекор қилиниши фискал интизомни, имкониятлар тенглаштирилишини ва шунчаки ижтимоий адолатни таъминлашнинг зарур шартидир. Қолаверса, субсидиялар бекор қилингани билан энергия ресурсларининг нархи кескин ошиб кетмайди. Ҳозир шунчалик катта субсидиялар қўлланилгани билан Ўзбекистондаги бензин нархи Жанубий Қозоғистондагидан баланд. Эркин бозор шароитида Тошкент билан Шимкентдаги бензин нархлари фақат уни ташиш харажатлари билан фарқланиши, яъни тафовут тахминан нолга тенг бўлиши керак.

Бизда Энергетика вазирлиги яқиндагина ташкил этилди. Ўз-ўзидан маълумки, бу соҳада ҳали анча ишлар қилиниши зарур. Лекин, биринчидан, субсидиялардан воз кечиш, иккинчидан эса, давлатнинг иштироки зарарли бўлган фаолият турлари хусусийлаштирилиши кераклиги ҳозирданоқ аён.

Субсидиялар қўлланилган ҳолда ўтаётган ҳар бир кун биз учун ҳаддан ташқари қимматга тушяпти. Биз эса бунга йўл қўя оладиган даражада бой эмасмиз.

Муаллифнинг фикри таҳририят фикрига мос келмаслиги мумкин.