26 март куни Тошкент ҳокимлигида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов раислигида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, унда давлат бюджети даромадлари манбалари бўйича 2019 йил биринчи чорак якунида кутилаётган натижалар ҳамда бюджетга тушумлар борасида Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган ишлар танқидий муҳокама қилинди, дея хабар берди шаҳар маъмурияти матбуот хизмати.

Биринчи чоракда давлат бюджети даромадлари режа кўрсаткичи 4 трлн 485 млрд сўм миқдорида тасдиқланган бўлиб, 25 март куни ҳолатига режа кўрсаткичи 3 трлн 683 млрд сўмга ёки 82 фоизга бажарилгани таъкидланди.

Тасдиқланган давлат бюджети даромадлари даромадлар тушуми режаси ижроси Учтепа туманида 67 фоиз, Миробод туманида 69 фоиз, Бектемир туманида 74 фоиз, Юнусобод туманида 76 фоиз, Мирзо Улуғбек туманида 77 фоиз, Шайхонтоҳур туманида 83 фоиз ҳамда Сергели туманида 83 фоизни ташкил этган.

Режа бажарилишида қолоқликка йўл қўйилгани учун Миробод, Учтепа туманлари ҳокимлари ва уларнинг биринчи ўринбосарлари, ушбу туманларнинг давлат солиқ инспекциялари бошлиқлари қаттиқ огоҳлантирилди.

Шайхонтоҳур туманида давлат бюджет даромадларининг тушум режаси бажарилишида қолоқликка йўл қўйилгани ва бошқа камчиликлар учун туман ҳокими ва унинг биринчи ўринбосари, туман давлат солиқ инспекцияси бошлиғига хайфсан эълон қилинди.

Шунингдек, биринчи чорак натижаси билан тушум режаси бажарилмаган тақдирда, Тошкент шаҳри туманларининг 4 та сектор раҳбарлари ҳамда туман ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари уларга нисбатан қатъий жазо чоралари қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Йиғилишда иштирок этган бош вазир ўринбосари — молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Беҳзод Мусаев томонидан туманлардаги маъсулларнинг фаолияти қаттиқ танқид қилинди ва Тошкент шаҳрида биринчи чорак даромадлар тушуми режасини март ойининг охиригача бажариш учун 801,9 млрд сўм миқдорида тушумни қолган қисқа муддатда амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.