Ҳукуматнинг 2019 йил 26 март кунги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор билан сил касаллиги бўйича Республика DOTS маркази тугатилиб унинг вазифалари Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт марказига ўтказилди.

Низомга кўра, Агентликнинг асосий вазифаси кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни такомиллаштириш ҳисобланади.

Агентлик тузилмасига қуйидагилар киради:

ҳудудий тиббий-ижтимоий хизматлар бўлинмалари, туман шўъбалари;

уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионати;

ногиронлиги бўлганлар ва кексалар учун «Мурувват» ва «Саховат» интернат-уйлари;

ногиронлиги бўлганлар ва кексалар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика санаторийлари;

ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий маркази, унинг ҳудудий марказлари;

Республика тиббий-ижтимоий экспертиза инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

Одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш бўйича республика реабилитация маркази.

Низом билан агентликнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

Агентлик директори ҳукумат томонидан лавозимга тайинланади ва озод қилинади.