Жорий йилнинг 23−26 март кунлари Самарқанд шаҳрида «Илм-фан — келажак пойдевори» шиори остидаги «Қизларжон» ўқувчи-қизлар саммитида вояга етмаган фарзандлари бўлган ота-оналарни узоқ муддатга чет эл мамлакатларига ишлаш учун чиқишларини чеклаш мақсадида қонун қабул қилиш ҳақидаги мурожаати бўйича Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати изоҳ берди.

«Қизларжон» ўқувчи-қизлар саммити доирасида иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатларига ўзларини қизиқтирган ва ташвишга солган масалалари билан мурожаат этишди. Очиқ мулоқот тарзида ўтган саммитда иштирокчилар томонидан турли мавзуларга оид таклифлар берилди.

Тадбир иштирокчиси вояга етмаган фарзандлари бўлган оналарни узоқ муддатга чет эл мамлакатларига ишлаш учун чиқишларини чеклаш мақсадида қонун қабул қилиш бўйича таклиф берган.

Бу таклиф қизларнинг атрофдаги воқеаларни ўрганишлари асосида берилган. Яъни, ота-оналари хорижга ишга кетган айрим ёшлар турли ножўя ишларга, жумладан жиноятчиликка ҳам аралашиб қолмоқда.

Мазкур таклиф ҳеч ким томонидан атайлаб уюштирилмаган. Таклиф берган қизларнинг вояга етмаганлигини ҳисобга олиб, саммит давомида мутахассислар томонидан қонун биринчи навбатда инсон манфаатларига зид бўлмаслиги ва бу мазмундаги норматив ҳужжатлар фуқароларнинг эркинлигини чеклашига олиб келиши ҳақида батафсил тушунча берилди.