26 март куни Ўзбекистоннинг Шанхай шаҳридаги (Хитой) Бош консулхонаси ушбу шаҳар туманларидан бирида турмуш ўртоғи томонидан зўрлик билан ушлаб турилган Ўзбекистон фуқароси Мафтуна Холматованинг ватанга қайтишига кўмак кўрсатди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

ТИВ маълумотларига кўра, Бош консулхона Мафтуна Холматова ҳақидаги маълумотни 26 март куни олганидан сўнг маҳаллий полиция ҳокимиятига расмий мурожаат қилди. Натижада аёлнинг жойлашган манзили аниқланди ҳамда у билан консуллик ходимлари учрашди.

Ушбу Ўзбекистон фуқаросининг хабар беришича, у 2018 йилнинг июнь ойида Наманган шаҳридаги никоҳ агентлиги воситасида ХХР фуқароси Яо Венхао билан танишади ҳамда ваъдаларига ишониб расмий никоҳни қайд этгандан сўнг Хитойга турмуш ўртоғининг ёнига учиб кетади. Унинг сўзларига кўра, етиб борганидан буён оғир ижтимоий шароитда яшаган, унга овқат беришмаган, уришган, таҳқирлашган ҳамда паспортини олиб қўйишган. У ўзига етказилган азиятларга чидолмай бир неча марта қочишга уринган.

Полиция бўлими бошлиғи ҳам иштирок этган суҳбатдан сўнг Ўзбекистон фуқароси Бош консулхонага топширилган. 28 март куни Пекин шаҳри орқали учган авиарейсда аёл Тошкентга етиб келди.

«Бошқа мамлакатларда фуқароларимиз билан содир бўлган бу каби фактлар ягона эмаслигини инобатга олиб, ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти Ўзбекистон фуқароларига узоқ муддатга хорижий давлатга борганда Ўзбекистоннинг хориждаги ваколатхоналарида консуллик ҳисобида туришни ҳамда бу каби ва бошқа мураккаб ҳаётий вазиятларда уларга мурожаат қилишни қатъий тавсия этади. Бундай ҳолатларда миллий паспортни бошқа шахсларга бериш мумкин эмас», — дейилади хабарда.