Душанба куни China Cup халқаро мусобақасида учинчи ўрин учун кечган учрашувда Ўзбекистон термаси ярим ҳимоячиси Отабек Шукуровга оғир тан жароҳатини етказган Хитой терма жамоаси футболчиси Вэй Шихао уни кўришга борди, дея хабар қилди South China Morning Post газетаси.

Нашрнинг қайд этишича, хитойлик ҳужумчи ўртоқлик учрашувидан кейинги куниёқ ўзбекистонлик спортчига ўриндиқ аравача ва сават тўла мевалар совға қилган.

Вэй Шихао Отабек Шукуровга қарши қўпол ўйини учун сариқ карточка олди. Ўзбекистон термаси ярим ҳимоячисининг болдири сингани аниқланди, ушбу жароҳат натижасида у икки ойгача муддатга даволанишга мажбур. Ҳодисадан сўнг ижтимоий тармоқларда хитойлик футболчи кескин танқидлар остида қолди.

Хитойнинг «Гуанчжоу Эвергранд» клуби Вэй Шихаони бир ой муддатга четлатди.

«Клуб Вэй Шихаони бир ойга вақтинча четлатишга қарор қилди ва ўйинчи ўзини ўзи чуқур таҳлилдан ўтказиши учун жамоанинг кадрлар бўлимига мурожаат қилиши лозим. Клуб ушбу текширув асосида уни жамоадан четлатиш-четлаштирмаслик ҳақида қарор қабул қилади», — дейилади «Гуанчжоу Эвергранд» хабарида.

Ҳужумчи оммавий ва хусусий тартибда кечирим сўради. «Жуда афсусдаман ва менинг чалишим бу қадар оғир жароҳатга олиб келишини кутмаган эдим. Тушундимки, у оғир жароҳатланган ва мен бу фолдан жуда афсусдаман. Оёқлар футболчи учун жуда муҳим ва ҳеч ким кимнидир жароҳатлашни истамайди. Мен фолга қадар узоқ вақт тўпга тегмадим. Мен улар суръатини пасайтиришга ҳаракат қилгандим», — деди Вэй Шихао.

«Гуанчжоу Эвергранд» ва Хитой терма жамоаси бош мураббийси ўйинчининг ёнини олиб чиқди.

«Вэй — ўзига хос характерли қобилиятли ўйинчи. У ҳимояланишдан кўра яхшироқ ҳужум қилади. Вэй — ёмон йигит эмас. Унинг жонбозлиги ва ўйинда ғалаба қозонишга иштиёқи ушбу ҳодисага олиб келди», — деди италиялик мутахассис.