25 март куни Ички ишлар вазирлиги Маданият саройи биносида Бош прокурор, Олий суд раиси, Ички ишлар вазири, Адлия вазири, Солиқ қўмитаси раиси, президент маслаҳатчиси ва унинг биринчи ўринбосари ҳамда Тошкент шаҳар секторлари раҳбарлари томонидан оммавий (сайёр) қабуллар ташкил этилди. Қабуллар давомида Бош прокурор томонидан 125 нафар фуқаро қабул қилиниб, уларнинг мурожаати тингланди.

Бош прокуратура томонидан қабул қилинган мурожаатларнинг 74 таси суд масалалари, 15 та прокуратура иш юритувига, 10 та ички ишлар фаолиятига оид, 10 та мажбурий ижро масаласида, 3 та банк масаласига, 2 та иш билан таъминлаш, 2 та қурилиш ва 9 та бошқа масалаларга оид мурожаатларни ташкил этди.

Қабулда келиб тушган мурожаатлар юзасидан прокуратура идоралари томонидан жиноят ишлари бўйича 4 та суд қарорига нисбатан протест келтирилди, 2 нафар шахсга нисбатан қўлланилган эҳтиёт чоралари ўзгартирилди, 1 нафар уй-жойи бузилган фуқарога компенсация тўлаб берилиши, шунингдек 5 нафар шахслар ишга жойлаштирилиши таъминланди.

Оммавий қабул жараёнида 21 нафар шахсларнинг мурожаати қаноатлантирилиб, қолган 104 таси шахсан Бош прокурор назоратига олинди.

Жумладан, фуқаро С.Р.Бабаеванинг Тошкент вилояти Тошкент туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича турмуш ўртоғи Ш. Давлатовга қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини бекор қилиб, озодликка чиқаришни сўраб қилган мурожаати қабул жараёнида суд идоралари билан ҳамкорликда кўриб чиқилиб, Ш. Давлатовга нисбатан қўлланилган мазкур эҳтиёт чораси бекор қилиниши таъминланди.

Шунингдек, фуқаро Т.Т.Сафарованинг жияни Ш. Абдуллаевни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тизимига ишга киритиш ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилди.

Қабул қилинган мурожаатларни ўз вақтида ва тўлақонли ҳал этилишини таъминлаш мақсадида 42 та жиноят, 20 та фуқаролик, 8 та маъмурий ва 4 та иқтисодий ишлар Бош прокуратурага чақиртирилиб, ҳозирда мурожаатлар асосида ўрганилмоқда.