Тошкентда бошланган Халқаро молия-банк форумида Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов сўзга чиқди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

— Молия соҳаси бўладими, иқтисодиёт соҳаси бўладими, президент бизнинг олдимизга битта муҳим вазифа қўйган, у ҳам бўлса одамлар пешона тери билан топган пулини, маблағини эркин, ўзи хоҳлаганидек, истаган жойда тасарруф этишига шароит яратиш керак, — дейди М.Нурмуратов. — Бу жараёнда банклар аҳоли ишончига кириб бориши шарт. Ана шунда тадбиркор ҳам, аҳоли ҳам ўз маблағларини банкка ишониб, топшириши керак бўлади.

Халқаро молия-банк форумида йиғилишдан мақсад ҳам шунга қаратилган. Чунки, ўзининг қозонида қайнаб, ҳеч ким ютуққа эриша олмайди. Шу каби биз ҳам хорижий ҳамкорларсиз, ўзаро ҳамжамият тўлов тизими билан боғланмай туриб, ўзимиз ўйлаганимиз каби улкан ютуқларга эриша олмаймиз. Айни вақтда Ўзбекистон ҳаммага очиқ иқтисодиёт сиёсатини олиб бормоқда. Банк-молия соҳаси энг аввало очиқликни тақазо этади. Бу эса ҳамкорликсиз амалга ошмайди.

Шу нуқтаи назардан бугунги форум қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни янада яхшилаш, ўзаро пул ўтказиш борасида айрим буюрократик тўсиқларни олиб ташлаш, эркин пул маблағларини ҳаракатига шароит яратишда платформа бўлиб хизмат қилади.

Агарда эътибор қиладиган бўлсак, банк-молия тизимида бизнинг ҳам етарлича ютуқларимиз бор. Шунинг учун бизнинг банк-молия тизимимиз ортда қолиб кетган, хориж анча олдида деб бўлмайди. Ваҳоланки, биз ўзаро ҳамкорликда ривожланмоқдамиз. Бунда тизимдаги баъзи янгиликларни биз кимдандир олсак, бошқалар биздан ҳам ниманидир олади. Буни инкор этиб бўлмайди. Айни вақтда бир қатор давлат вакиллари бизнинг молия-банк тизимдаги ўзгаришларни келиб ўрганишмоқда.

Бу тизимнинг ҳар бир йўналишида ривожланган давлатлар бор. Мисол учун, Белоруссия давлати банк тизимида тўловларни автоматлаштириш бўйича МДҲ орасида энг илғор бўлса, банк назоратини амалга оширишда Россия пешқадам. Шунинг учун ҳам бу соҳада кимнидир камситиб, бошқани илғор деб бўлмайди.