2018 йилда автокредитлаш ҳажмининг кескин ўсиб кетганидан сўнг жорий йил январдан автокредитлар берувчи банклар сони қисқарди. Февралда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов буни бошқарувчи бу каби кредитлар хавфи юқори бўлгани сабабли тижорат банклари устав капиталига қўшимча талаблар жорий этилгани билан изоҳлаган эди. У автокредитлашнинг авж олиши иккиламчи автомобиллар бозорини ўлдиришини айтиб ўтди.

Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметов пайшанба куни Халқаро молия-банк форуми майдонида «Газета.uz» мухбирига берган интервьюсида нима учун МБ босқичма-босқич хавфга йўналтирилган назоратга ўтаётганини маълум қилди.

«Бу иқтисодиётда сўнгги икки йилда ўйин қоидалари бутунлай ўзгаргани, яъни биз иқтисодиётни маъмурий бошқаришдан бозор механизмларига асосланган иқтисодиётга ўтаётганимизни англатади. Мос равишда турли: товар, молия, валюта бозорларини либераллаштирамиз. Бозорга қандай операцияларни амалга оширишини ўзи белгилашига имкон берамиз, бироқ айни вақтда бу хавфларни ҳам келтириб чиқаради. Бозорнинг алоҳида иштирокчилари нотўғри баҳолаш ўтказиб, зиммасига ортиқча хавфларни юклаши, бу эса катта молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин», — дея изоҳ берди у.

Авваллари Марказий банк назорат доирасида қоидабузарликлар содир этган банкларни аниқлаб, уларга тегишли чоралар кўрди.

«Бу услуб аллақачон долзарб ва самарали эмас, чунки қоидабузарликдан сўнг йўқотишлар шунчалик катта бўлиши мумкинки, кейин чора қўллаш фойдасиз. Шунинг учун бошқарувчи хавфларни аниқлаш йўли билан катта йўқотишларнинг олдини олиши, операциялар ўтказишни чеклаш эмас, балки МБ томонидан бу каби рискли операцияларга бўлган иштаҳанинг очилиб кетишини тийиб турувчи макроогоҳлантирувчи чораларни қўллаши керак, агар қараб турсак, улар бизни муаммоларга олиб келади», — Тимур Ишметов.

Макроогоҳлантирувчи чоралар бутун молия сектори ҳамда алоҳида секторлардаги тизимли хавфларни камайтиришга қаратилган. МБнинг макродаражадаги таҳлиллари алоҳида маҳсулотга кредит ажратилиши бутун бошли банк ёки молия сектори учун муаммоларни вужудга келтириши мумкинлигини кўрсатди. Бундай ҳолатларда бошқарувчи ҳар бир банк активи бўйича хавф коэффициентларини оширади.

«Янада рискли бўлган активларга нисбатан шунчаки хавфлар коэффициентини оширамиз. Бу банкларга ушбу операцияларни амалга оширишни тақиқламайди, балки коэффициентнинг оширилиши банкларни бу каби операциялар учун омонатчилар маблағларидан кўра ўз капитали, акционерлар пулларидан кўпроқ фойдаланишга мажбур қилади. Деймизки, „Биз буни рискли деб ҳисоблаймиз, агар таваккал қилмоқчи бўлсангиз, марҳамат, пул қўювилар маблағлари эмас, балки ўз пулларингиз ҳисобидан таваккал қилаверинг“. Бу биз босқичма-босқич ўтишни истаган ёндашувдир», — деди Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари.

«Автокредитлар — мономаҳсулот, барча банклар оммавий равишда фақат автокредитлаш билан шуғулланишни бошлади. Улар риск-менежментнинг таянч қоидаларини бузишни бошлади. Бу барча тухумни бир саватга солишга ўхшайди. Бизда эса тескариси. Албатта, банк алоҳида ҳолатда бошқа банкларнинг ҳажмларини кўрмайди. Эҳтимол, у менинг бир оз кўпроқ [автокредит беришимнинг] қўрқадиган жойи йўқ, деб ўйлар. Шундай бўлдики, айрим банклар чакана кредит портфелининг ярмидан кўпроғини автокредитлашга йўналтирди. Масала автокредитлашда эмас, диққатнинг битта маҳсулотга қаратилишида — бу «кўпик"ка олиб келиши мумкин. У ёрилса, кўплаб кредитлар дефольтга айланишига, банклар, улар ортидан омонатчиларнинг кўп миқдорда пул йўқотишига олиб келиши мумкин», — дея изоҳ берди у.

МБ раисининг биринчи ўринбосари бошқарувчининг вазифаси — омонатчилар маблағларининг сақланишини таъминлашдан иборат эканини эслатиб ўтди.